“Ўзбекнефтгаз”: “Муборак” газни қайта ишлаш заводида янги қурилманинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди (Фото)
Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим ўринга эга нефть-газ тармоғига қаратилаётган эътибор туфайли бугун тизим фаолиятини замон талаби даражасида ташкил этиш учун бир қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
2020 йил 28 август куни аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини янада кўпайтириш мақсадида 2017-2020 йилларда “Муборак” газни қайта ишлаш заводида пропан-бутан ажратиб олиш қурилмасининг 1-2-3- тармоқлари модернизация қилингани ва 4-тармоғида қурилиш тугатилиб, ишга туширилгани муносабати билан тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султонов, Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев, “Муборак” газни қайта ишлаш заводи директори Шермат Шамсиев тантанали очилиш маросимида нутқ сўзлаб, бу қурилманинг самараси ва имкониятлари ҳақида тушунтириш беришди.
Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари, муҳтарам Президентимиз нефть-газ соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратаётгани ва бу ўз навбатида катта масъулият юклаётганини айтиб ўтди.
– Айниқса, бугун “Муборак” газни қайта ишлаш заводида амалга оширилган модернизация ишларининг якунланиши ислоҳотлар ижроси дейиш мумкин. Жараёнда ўтказилган онлайн мулоқотларда россиялик ва украиналик мутахассисларнинг тавсиялар ҳам амалий кўмак берди. Модернизация ишларида маҳаллий мутахассислар меҳнати беқиёсдир. Бугунги мураккаб пандемия ҳолати бизни мустақил ишлашга ўргатди, – дея алоҳида таъкидлади Меҳриддин Абдуллаев.
Мазкур лойиҳаларнинг умумий қиймати 75 млн. долларни ташкил этди.
Қурилмани ишга тушириш натижасида, йилига қўшимча 62 минг тонна суюлтирилган газ ва 22,5 минг тонна газ конденсати ишлаб чиқариш қувватлари яратилади. Шунингдек, айни пайтда 100 та янги иш ўринлари яратилади.
Мамлакатимизда пандемия шароитига қарамай, ушбу вазифани ўз вақтида амалга ошириш мақсадида барча кучлар сафарбар қилинди, карантин даврида қурилиш ишлари узлуксиз давом эттирилди.
Қурилиш ишларини маҳаллий “Нефтгазмонтаж” корхонаси амалга оширилиб, технологик ускуналар Германиянинг “Линде”, “Гросман”, Украинанинг “Сумск”, “Мотор Сич”, “Турбогаз” заводлари, шунингдек махаллий компаниялар – “Ўзбекхиммаш”, “Тошкент қувур заводи”, “Ўзпромарм” ва бошқа корхоналар томонидан етказиб берилди.
Лойиҳани амалга оширишда фаол хизмат кўрсатган ходимлар иккита “Спарк” автомашинаси, музлаткич ва телевизор каби қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилди.
Ушбу лойиҳанинг ишга туширилиши халқимизга Мустақиллик байрамига муносиб туҳфа бўлди.
Маълумот учун: “Муборак” газни қайта ишлаш заводи 1971 йилда ишга туширилган бўлиб, табиий газни олтингугуртли бирикмадан тозалаш ва қуритиш, техникавий олтингугурт ишлаб чиқариш, барқарор газ конденсати ҳамда суюлтирилган газ ишлаб чиқариш учун мўлжалланган. Қурилмаларда йилига 400 минг тонна олтингугурт маҳсулоти ишлаб чиқарилади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш
|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|YouTube|twitter|