“Ўзбекнефтгаз”: Жамият ёш мутахассислари рақамли технологияларни жорий этиш борасидаги технологик тадбирда муваффақиятли иштирок этишди
Бош саҳифа
Русский
Жадал суръатлар билан ривожланиб бораётган жаҳон нефть ва газ саноатида юзага келаётган ўзгаришлар, яратилган ва кутилаётган янги инновацион технологиялар, шунингдек, бугунги кунда соҳа олдида турган долзарб масалаларнинг оптимал ечимлари юзасидан фикр ва тажриба алмашиши мақсадида жорий йилнинг 10–11 июнь кунларида Шлюмберже компанияси томонидан “Технологиялар куни” ташкил қилинди.
Онлайн тарзда ўтказилган ушбу тадбирда дунёдаги бир қатор илғор компанияларнинг вакиллари, етук мутахассислари, Каспийбўйи минтақасининг давлатлари билан бир қаторда Ўзбекистон нефть ва газ саноатининг мутахассислари ҳам ўз маърузалари билан иштирок этишди.
Икки кун давом этган ушбу тадбирда дунёдаги етакчи нефть ва газ компанияларининг 400 дан ортиқ етакчи мутахассислари иштирок этиб, улар томонидан геология-қидирув ишларини олиб бориш, конларни ишлатишни ташкиллаштириш ва углеводород хомашёси захираларини қазиб чиқариш масалаларидан тортиб, уларни қайта ишлаш ва истеъмолчиларга тайёр ҳолда етказиб беришгача бўлган йўналишлардаги 20 дан ортиқ маърузалар тингланди ва муҳокама қилинди.
Ушбу тадбирда, шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Конларни ишлатиш департаментининг бош мутахассисси Маҳмуд Мўминов ҳам “Ўрта Осиё нефть ва газ саноатидаги энг йирик “Ўзбекнефтгаз” АЖ маълумотлар базаси” номли маърузаси билан иштирок этди.
Қизғин бахс ва кескин мунозараларга бой тарзда ўтган ушбу маъруза бир қатор йирик компанияларнинг вакиллари ҳамда малакали экспертларида катта қизиқиш уйғотди ва кенг даврада батафсил муҳокама қилинди.
Маҳмуд Мўминов томонидан ҳозирда “Ўзбекнефтгаз” АЖ фаолиятини самарали қайта ташкил этиш мақсадида узоқни кўзлаган ҳолда олиб борилаётган трансформация жараёнлари, шунингдек, соҳани рақамлаштириш ва бу орқали ишлаб чиқариш жараёнларининг натижадорлигини оширишга эришиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бу борада ҳозирга қадар эришилган натижалар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.
Айниқса, конларни рақамлаштириш, уларнинг геологик, гидродинамик ва тармоқ моделларини яратиш орқали ишлаб чиқариш жараёнларини жадаллаштириш ҳамда қазиб чиқаришни такомиллаштириш, бунда рақамли технологиялардан фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар намойиш этилди.
Тадбир якунида барча иштирокчилар, мутахассислар ва экспертлар ўртасида ўтказилган сўровномага асосан “Ўзбекнефтгаз” АЖ бош мутахассиси Маҳмуд Мўминовнинг тақдимоти бир овоздан “Тадбирнинг энг яхши тақдимоти” сифатида эълон қилинди ва биринчи ўринга лойиқ деб топилди.
Маҳмуд Мўминовнинг ушбу технологик тадбирдаги юқори даражадали иштироки ҳамда унинг бошқа иштирокчилар, эксперт ва мутахассислар томонидан эътироф этилиши, биринчи навбатда “Ўзбекнефтгаз” АЖда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ўз самарасини бераётганлигига яққол мисол бўла олади.
Ҳозирда, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан соҳани рақамлаштириш, ишлаб чиқариш жараёнларига илғор инновацион технологияларни жалб этиш ва бу орқали барча тадбирларнинг натижадорлигини ошириш ҳамда ушбу жараёнларда етук ва ёш мутахассисларнинг иштирокини таъминлаш бўйича тизимли ишлар давом эттирилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|