February 16, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: “Dubai Expo–2020” кўргазмаси доирасида EXXONMOBIL компанияси вакиллари билан музокаралар олиб борилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб ўтаётган “Dubai Expo–2020” халқаро кўргазмаси доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Uzbekistan GTL” МЧЖ мутахассислари ҳамда EXXONMOBIL (АҚШ) компаниясининг вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида, АҚШ компаниясининг Бизнесни ривожлантириш бўйича менеджери Михаил Ширяев иштирокида “Uzbekistan GTL” воск хомашёси асосида API (American Petroleum Institute) таснифи бўйича III+ гуруҳ мойларини ишлаб чиқариш истиқболли лойиҳаси муҳокама қилинди.

Маълумот учун: EXXONMOBIL дунёнинг етакчи нефть ва газ саноати компанияси бўлиб, бозорни капиталлашуви бўйича дунёдаги энг йирик корпорацияларидан бири саналади. Компания тўлақонли вертикал интеграцияланган тизим асосида нефть ва газни қазиб олишдан тортиб уларни қайта ишлаш лицензион технологиялари эгаси ҳисобланади. Компания томонидан кунига 3,8 млн баррель нефть эквивалентида нефть ва газни қазиб олади, 5,5 млн баррель нефть маҳсулотлари сотувини амалга оширади ва йилига 26,9 миллион тонна кимё саноати учун асос хомашёларни етказиб беради.

Тақдимот мобайнида EXXONMOBIL мутахассиси компаниянинг III+ гуруҳ мойларини ишлаб чиқариш бўйича MSDW ва MAXSAT лицензион технологиясининг ўзига хос жиҳатларини тушунтириб ўтди.

Маълумот учун: API таснифи бўйича III+ гуруҳ мойлари асосан газ кимё комплексларида воск хомашёсини қайта ишлаш орқали олинади. Бу таснифдаги мойлар минерал мойлардан ўзининг юқори қовушқоқлик индекси, қуйи қотиш ҳарорати, юқор ишқорий барқарорлиги, присадкалар билан яхши эрувчанлиги, юқори чақнаш ҳарорати ва паст учувчанлиги ва ўзида олтингугурт сақламаслиги хусусиятлари билан ажралиб туради. 2011 йилдан буён чиқаётган ички ёнув двигателларининг барчаси API таснифидаги III ва ундан юқори гуруҳдаги мойлардан тайёрланган мотор мойларида ҳаракатланади.

Дунё миқёсида амалиётга тадбиқ этилган заводлар ҳамда уларнинг фаолияти бўйича ахборот етказилди. MSDW технологияси депарафинлаш жараёни каталитик системаси 11 йил мобайнида саноат миқёсида юқори селективликни намоён этаётгани такидлаб ўтилди.

Ўзбекистонда юқори сифатли мотор мойларига талабнинг ортиб бораётгани, “Uzbekistan GTL” заводи қошида III+ гуруҳ мойларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш долзарблилигини намоён этади. Лойиҳани амалга ошириш орқали замонавий мотор мойларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва импортдан кириб келаётган мойларни кескин қисқартириш имкони пайдо бўлади.

Бундан ташқари, “Uzbekistan GTL” МЧЖ Бош директорининг биринчи ўринбосари Одил Каримовнинг “Energy Intellegence” агентлигининг журналисти Амина Бакр билан суҳбати бўлиб ўтди.

Суҳбатда Амина Бакр Заводнинг бугунги кундаги ҳолати, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ва унинг қувватлари билан қизиқди.

Амина Бакрга, завод йилига 1,5 миллион тонна синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқаришга, шу жумладан 724 минг тонна дизель, 307 минг тонна авиаёқилғи, 430 минг тонн нафта ва 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш қувватига эга эканлиги ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, журналистга бугунги кунда “Ўзбекнефтгаз” АЖ самарадорлигини оширишга йўналтирилган бир қатор ишларни олиб бораётгани, 2021 йилда 3 та агентлик томонидан ижобий рейтинг хулосалари берилгани, Лондон биржасига евробонд облигациялари жойлаштирилгани, халқаро консультантлар билан ҳамкорлик ўрнатилгани ҳақида маълумотлар берилди.

Учрашув сўнггида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Uzbekistan GTL” вакиллари Амина Бакр хонимни Ўзбекистон павильони билан таништиришди. Жумладан, Ўзбекистоннинг тарихи, унинг бой маданий мероси, республиканинг саноати, иқтисодий салоҳияти ва олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари баробарида, мамлакатнинг нефть ва газ соҳасидаги салоҳияти, бу соҳа ривожи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар батафсил тушунтириб берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|