Конлар ва қудуқлар фаолияти
July 25, 2020

“Ўзбекнефтгаз”: Қашқадарёдаги “Жанубий Тандирча” конидан 1,6 млрд. куб метр табиий газ ва 20,5 минг тонна газ конденсати қазиб олинади

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига асосан, табиий газ қазиб олиш ҳажмини ошириш учун конлар ва қудуқларда ишлаётган ишчи-ходимлар вахта режимида фаолият юритишмоқда.

Карантин қоидалари асосида меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар озиқ-овқат, махсус кийим ва автотранспорт воситалари билан таъминланганлар.

“Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли Қашқадарё вилоятининг Ғузор тумани ҳудудида жойлашган “Жанубий Тандирча” конида ҳам иш вахта режимида ташкил этилган.

2020 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, конда 35 та қудуқдан табиий газ қазиб олинмоқда. 6 та қудуқда эса бурғилаш ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳозирга қадар, ушбу кондан 830 млн. куб метр табиий газ ва 9,8 минг тонна газ конденсати қазиб олинди. 24 та қудуқда интенсификация ишлари бажарилиб ишга топширилди ва натижада, қўшимча 4,1 млн.м³ табиий газ қазиб чиқаришга эришилди.

Ушбу конда табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида битта қувур орқали ишлаётган 8 та газ қудуқларининг шлейф қувурларини алоҳида улаш учун қўшимча 7,8 км узунликдаги, диаметри 114 мм газ қувурлари монтаж қилиниб ишга туширилди.

Шунингдек, 2-йиғув жойи қудуқларидан қазиб олинаётган газни Газни дастлабки тайёрлаш қурилмасига йўналтириш учун 1,0 км узунликдаги, диаметри 377 мм газ қувури ҳам монтаж қилинди.

Бунинг натижасида, “Жанубий Тандирча” конидаги қудуқлардан қазиб олинаётган табиий газ таркибидан механик бирикмалар, конденсат ва техник суюқликни ажратиб олиш ҳамда табиий газ қувурларидаги гидравлик қаршилик ва босимлар фарқини камайтириш ҳисобига қўшимча кунлик 220,0 минг куб метр табиий газ қазиб олишга эришилди.

2020 йилда “Жанубий Тандирча” конидан 1,6 млрд. куб метр табиий газ ва 20,5 минг тонна газ конденсати қазиб олиш режалаштирилган. Иккинчи ярим йилликда 8 та қудуқ бурғиланиб ишга топширилиши мўлжалланмоқда ва бу қудуқлардан қўшимча 33,3 млн. куб метр табиий газ ва 0,8 минг тонна газ конденсати қазиб чиқаришга эришилади.

Ҳозирги кунда "Углеводородлар қазиб чиқаришни кўпайтириш дастури"га асосан конда сиқув компрессор станцияси қуриш мақсадида “ЎзЛИТИнефтгаз” АЖ билан ҳамкорликда лойиҳа олди илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|