Конлар ва қудуқлар фаолияти
July 23, 2020

“Ўзбекнефтгаз”: Бухородаги “Тўмарис” конидан 336 млн. куб метр табиий газ ва 2,8 минг тонна газ конденсати қазиб олинади

Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига асосан, табиий газ қазиб олиш ҳажмини ошириш учун конлар ва қудуқларда ишлаётган ишчи-ходимлар вахта режимида, карантин қоидаларига асосан фаолият юритишмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли Бухоро вилоятининг Ромитан тумани ҳудудида жойлашган “Тўмарис” конида меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар озиқ-овқат, махсус кийим, махсус автотранспорт воситалари билан тўла таъминланганлар.

2020 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, кондаги қудуқлар сони 8 та бўлиб, шундан ишлаётган қудуқлар сони 7 тани ташкил этади. Битта қудуқда эса бурғилаш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳозирга қадар, ушбу кондан 123 млн. куб метр табиий газ ва 1,4 минг тонна газ конденсати қазиб олинди. Иккита қудуқ бурғиланиб ишга топширилди ва қўшимча 18,3 млн. куб метр табиий газ ва 0,205 минг тонна газ конденсати қазиб чиқаришга эришилди.

Кондан қазиб олинаётган табиий газ таркибидан механик аралашмалар, суюқлик ва конденсатни ажратиб олиш ҳамда бирламчи тозаланган табиий газни “Учқир” газни олтингугуртдан тозалаш қурилмасигача етказиш мақсадида, йиллик қуввати 500,0 млн. куб метр бўлган Газни дастлабки тайёрлаш қурилмаси қуриб ишга туширилди.

“Тўмарис” конида газни дастлабки тозалаш қурилмаси учун зарур бўлган асбоб ва ускуналар таъминоти тўлиқ “Ўзбекнефтгаз” АЖ нинг ички имкониятидан фойдаланган ҳолда амалга оширилди.

Бундан ташқари, конда табиий газ қазиб чиқариш хажмларини ошириш мақсадида қўшимча 9,2 км диаметри 426 мм газ қувури монтаж қилиниб, паст босимли газ қувурига улаб ишга туширилди.

2020 йилда “Тўмарис” конидан 336 млн. куб метр табиий газ ва 2,8 минг тонна газ конденсати қазиб олиш режалаштирилган. Иккинчи ярим йилликда 2 та ишлатиш ва битта қидирув қудуғи бурғиланиб ишга топширилиши мўлжалланмоқда ва бу қудуқлардан қўшимча 29,9 млн. куб метр табиий газ ва 0,6 минг тонна газ конденсати қазиб чиқариш кутилмоқда. Иккита қудуқ мукаммал таъмирланиши ва қудуқлардан қўшимча 1 млн. куб метр табиий газ ва 0,02 минг тонна газ конденсати қазиб чиқариш кутилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|