“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида Бухородаги “Учқир” мажмуасида кенгайтирилган кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди (Фото)
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев раислигида Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида тизимдаги ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналари раҳбарлари, ижроия аппарат масъуллари иштирокида кенгайтирилган кенгаш йиғилиши ўтказилди.
Ушбу йиғилишдаги асосий эътибор “Учқир” газни олтингугуртдан тозалаш мажмуасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, мажмуани ободонлаштириш ва объектларни ишга тушириш бўйича тантанали маросимни юқори даражада ўтказишга тайёргарлик кўриш масалаларига қаратилди.
Шунингдек, йиғилиш давомида Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида амалга оширилаётган ободонлаштириш, қурилиш-монтаж ва геологик-қидирув ишлари ҳамда 2020 йил учун белгиланган прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши ҳам муҳокама қилинди.
Бошқарув раиси Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси “Учқир” газни олтингугуртдан тозалаш мажмуасида амалга оширилиши белгиланган барча қурилиш-монтаж ва ободонлаштириш ишларининг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш борасида топшириқ берди ва бу борадаги ишларга масъуллар белгиланди.
Қилиниши лозим бўлган асосий ишлар, яъни “Учқир” мажмуасининг 1, 2, 3, 4, 5-технологик тармоқларининг ускуналари ва қувурларини бўяш, иссиқлик изоляцияси билан қоплаш, Марказий ишлаб чиқариш диспетчерлик хизмати биносини комплекс таъмирлаш ва жиҳозлаш (АСОДУ тизими), 6-технологик тармоқ ҳудудини ободонлаштириш ва мавжуд объектларни таъмирлаш ишларининг бажарилиши бўйича жавобгар масъуллар белгилаб олинди.
Уч кунлик муддатда зарур ишчи ходимларни “Учқир” мажмуасига тезкор мобилизация қилиш ва кўрсатилган ишларни жорий йилнинг 1 октябрига қадар якунлаш, пропан-бутан аралашмасини ажратиб олиш қурилмасини синаш-созлаш, қурилмани ишга тушириш ва кейинчалик самарали фойдаланишга оид вазифалар берилди.
Асосийси эса барча ишларни амалга ошириш жараёнида ишлайдиган ишчи-ходимларнинг карантин қоидаларига тўлиқ риоя этишларини назорат қилиш ва уларни тегишли тиббий жиҳозлар билан таъминлаш кераклиги айтилди.
Бундан ташқари, Газли НГҚЧБ ташкилий тузилмаси ва штат бирлигига ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар сўралди ҳамда Бошқармада геология масалалари бўйича директор ўринбосари лавозимини таъсис этиш, “Учқир” мажмуасини тузилмавий бирлик сифатида ажратиб чиқариш масаласи кенг муҳокамага қўйилди.
“Учқир” мажмуасининг пропан-бутан аралашмасини ажратиб олиш қурилмаси (УППБС)да ишловчи мутахассисларни бир ой муддатга “Муборак” ГҚИЗ ҳамда Шўртан НГҚЧБда малака ошириши ва тажриба алмашиш учун керакли чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш сўнггида Бошқарув раиси бир ҳафталик муддатда 2021 йилда амалга ошириладиган геология-қидирув ишлари учун зарур бўладиган моддий-техник ресурслар рўйхатини шакллантириш ва “Учқир” УППБСини жорий йил ноябрь ойи охирига қадар ишга тушириш бўйича аниқ топшириқлар берди.
Эслатиб ўтамиз, “Учқир” мажмуасида амалга оширилаётган ишлар “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси бошчилигида жойига чиқилган ҳолда ўрганилмоқда ва муаммоли масалалар қисқа фурсатда ижобий ҳал этилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш
|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|YouTube|twitter|