“Ўзбекнефтгаз”: Ходимлар учун қадимий шаҳарга саёҳат уюштирилди (Фото)
Бош саҳифа
Русский
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 февралдаги “Ички туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3514-сонли қарори ижросини таъминлаш доирасида жорий йилнинг 26-27 март кунлари Бирлашган касаба уюшма қўмитаси томонидан умумхалқ Наврўз байрами муносабати билан “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” шиори остида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Марказий аппаратида фаолият юритаётган бир гуруҳ ишчи-ходимлар учун қўҳна ва қадимий Хива шаҳрига саёҳат уюштирилди.
“Хива” – очиқ ҳаводаги бутун бир тарихий ҳолида сақланиб қолган музей шаҳар ҳисобланади. Икки кунлик саёҳат давомида жамият ходимлари Хоразм халқ меъморлигининг ёдгорлиги саналмиш “Ичан қалъа”даги мадраса, масжид, сарой ва минораларнинг яратилиш тарихи билан таништирилди.
“Ичан қалъа” – Ўрта Осиёдаги йирик ва ноёб меъморий ёдгорлик бўлиб, унга 4 дарвозадан: ғарбий, жанубий, шимолий, шарқий (“Боғча дарвоза”, “Полвон дарвоза”, “Тош дарвоза”,” Ота дарвоза”) кирилади.
“Ичан қалъа” тўғри тўртбурчак шаклида қурилган бўлиб, узунлиги 650 метр, эни 400 метр, яъни 26 гектар майдонни эгаллайди. “Ичан қалъа” (ички қалъа) “Дишан қалъа” (ташқи қалъа) қисмидан кунгурадор девор билан ажратилган. Девор айланасининг узунлиги қарийиб 2200 метргача, баландлиги 7–8 метрга, пойдеворининг қалинлиги эса 5–6 метрга тенг.
Саёҳатчилар учун “Ичан қалъа”даги музейда астрономия, математика, тиббиёт ривожига катта ҳисса қўшган буюк олимлар Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино (Авиценна) каби Хоразм алломалари ҳаётига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Шунингдек, “Дишан қалъа” ҳудудида жойлашган қадимий обидалар ҳам зиёрат қилинди. Саёҳат давомида ходимлар Хоразмнинг анъанавий лапарларини тинглаб, жозибадор рақсларини томоша қилиш имконига ҳам эга бўлишди.
Ушбу саёҳат ишчи-ходимлар дилларига катта қувонч бахш этди. Улар Хоразм воҳасидан бир олам таасурот билан қайтишди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|