“Ўзбекнефтгаз”: Шўртан нефть ва газ бошқармаси томонидан бир кунда 28,7 млн куб метр табиий газ қайта ишланмоқда
Бош саҳифа
Русский
“Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси 1980 йил ноябрь ойида ишга туширилган. Бошқарма углеводородларни қазиб чиқариш, қайта ишлаш, суюқ углеводород ва олтингугурт маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга етказиб бериш ҳамда Шўртан газ кимё мажмуасини хомашё гази таъминлаш билан шуғулланади.
Бугунги кунда, бошқарма томонидан бир кунда 28,7 млн куб метр (шундан қўшма корхоналарга тегишли миқдори – 15,9 млн куб метр) табиий газ қайта ишланмоқда. Табиий газни қайта ишлаш натижасида, 515 тонна газ конденсати, 1 070 тонна суюлтирилган газ ва 1 тонна олтингугурт маҳсулоти ишлаб чиқарилмоқда.
Республика аҳолиси ва бошқа турдаги истеъмолчиларнинг эҳтиёжлари учун, бошқарма томонидан бир кунда “Ўзтрансгаз” АЖ магистраль газ қувурларига – 25,0 млн куб метр ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ магистраль газ қувурларига – 23,0 минг куб метр товар газ етказиб берилмоқда.
Бундан ташқари, аҳолининг маиший эҳтиёжлари учун “Ҳудудгазтаъминот” АЖга кунлик – 400 тоннага яқин суюлтирилган газ вагон ва авто цистерналар орқали жўнатилади.
Шунингдек, газни чуқур қайта ишлаш ва полимер маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун “Шўртан газ кимё мажмуасига” МЧЖ бир кунда 12,0 млн куб метрга яқин хомашё гази билан таъминланади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисининг топшириғи билан бошқарманинг қазиб чиқариш конлари ва қайта ишлаш объектлари технологик қурилмалардаги жараёнларни реал вақт режимида мониторингини олиб бориш мақсадида автоматлаштирилган тезкор-диспетчерлик назорати тизими жорий этилди.
Айни пайтда Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси объектларининг ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилди ва суткасига 24 соат давомида онлайн режим вақтида диспетчерлар томонидан бошқариб келинмоқда.
Ундан ташқари заводнинг малакали диспетчерлари томонидан технологик қурилмаларда таъмирлаш ишларини олиб бориш, авариявий ҳолатларни бартараф этиш, товар маҳсулотларни истеъмолчилар юклаш учун, маҳсулот қуйиш эстакадаларини вагон ва авто цистерналар билан таъминлаш ишлари тўлиқ назоратга олинган.
Юқоридаги ишларни амалга ошириш натижасида бошқарма конларидан қазиб олинаётган ва қайта ишланаётган маҳсулотлар ҳақидаги тезкор маълумотларнинг шаффофлиги ошиб, инсон омили билан боғлиқ бўлган факторларнинг олди олинишига эришилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|