June 29, 2021

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети Тошкент шаҳри филиали директори Александр Максименко билан учрашди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев И. М. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети Тошкент шаҳридаги филиали директори-профессор Александр Фёдорович Максименко билан нефть ва газ соҳаси учун кадрлар тайёрлаш масалаларини муҳокама қилишди.

Учрашув давомида, ушбу ўқув даргоҳининг асосий вазифаси Ўзбекистондаги нефть ва газ тармоғига умумхалқаро ҳамда Республиканинг Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг мақсад ва вазифалари талабларига мос келувчи юқори малакали мутахассислар тайёрлаш экани таъкиланди.

Шунингдек, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими, Ўзбекистонда нефт ва газ соҳасини яхши биладиган рақобатбардош кадрларни тайёрлаш, уларга сифатли таълим берилиши, илмий салоҳиятни ошириш учун талаба-ёшларга барча шароитларни яратиш кераклиги борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ўз навбатида, 2021-2022 ўқув йили учун қабул комиссияси фаолияти, абитуриентларнинг имтиҳон топширишлари учун етарли шароит яратиш, ўқишни тамомлаган талабаларни мутахассислиги бўйича тўлиқ иш билан таъминлаш масалалари доираси ҳам муҳокамалар қилинди.

Бошқарув раиси икки томонлама ҳамкорликнинг аҳамияти ва самарадорлигини таъкидлаб, кўп йиллик олиб борилган ҳамкорликдаги ишлар доирасида И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали Республика нефть-газ тармоғи учун кучли ва малакали мутахассисларни тайёрлаб берганини қайд этди.

Губкин филиалида таҳсил олган кўплаб ёшлар “Ўзбекнефтгаз” тизимида муваффақиятли иш олиб бормоқда, бундан ташқари улар аллақачон муҳим лавозимларни эгаллаб, компания ривожланишига фаол ҳисса қўшаётганлари таъкидланди.

Суҳбат асносида, Қашқадарё вилоятидаги Ҳудудий тайёргарлик бўлими фаолиятига ҳам эътибор қаратилиб, ушбу амалиёт муваффақиятли бўлгани учун бу каби ҲТБларни Ўзбекистон Республикасининг бошқа вилоятларида, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида очиш имкониятларини кўриб чиқишга қарор қилинди.

Бошқарув раиси Филиал фаолияти билан боғлиқ барча ташкилий масалаларни ҳал қилишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.

Жорий йилда битирувчилар сони 230 нафарни ташкил этиб, уларнинг барчаси “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг тизимидаги корхоналар ҳамда “ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтенг Компании”, “ERIELL” каби йирик йирик хорижий компанияларда ишлаш имкониятига эга бўлишади.

Мазкур учрашувда, Филиалга жорий йилда талабаларни ўқишга қабул қилиш квоталари олдинги йилларга нисбатан бир мунча ошганлиги қайд этилди.

Жумладан, “Геология қидирув технологияси”, “Нефть ва газ қудуқларини бурғилаш”, “Нефть қазиб чиқариш объектларини ишлатиш ва хизмат кўрсатиш”, “Газ, газконденсат қазиб чиқариш ва ер остида сақлаш объектларини ишлатиш ва хизмат кўрсатиш”, “Нефть, газ ва уларнинг маҳсулотларини транспорт қилиш ва сақлаш объектларини ишлатиш ва хизмат кўрсатиш”, “Газ-нефть қувурлари ва газ-нефтни ер остида сақлаш омборларини қуриш ва таъмирлаш”, “Нефть-газ комплекси ташкилотлари иқтисодиёти” ва “Ишлаб чиқариш менежменти” йўналишлари бўйича 480 та ўрин ажратилди.

Шунингдек, Филиал талабаларини ва ёш олимларини нефть-газ корхоналаридаги технологик жараёнлар, қурилмалар ва уларнинг ишлаш принципларини ишлаб чиқариш шароитида ўрганиш ҳамда назарий-амалий билимлар яхлитлигини таъминлаган ҳолда таълим жараёнига тадбиқ этиш мақсадида, талабаларнинг ўқув-амалий машғулотларини бевосита ишлаб чиқариш корхоналарида ташкил этиш учун “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ишлаб чиқариш корхоналарида Филиалнинг “тажриба синов участкалари” ташкил қилинганлиги ва бунинг учун талабаларга яратиб берилган шарт-шароитлар учун Филиал раҳбарияти “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раисига миннатдорчилик билдирди.

Шу йилнинг март-май ойларида Филиалнинг 270 нафардан зиёд талабалари ўқув-амалий машғулотларини “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ишлаб чиқариш корхоналарида ташкил этилган. Талабаларнинг таҳсил олиши учун барча ташкилий масалалар жумладан, уларнинг турар-жойи, овқатланиш, корхонага бориб-келиши учун махсус транспорт воситалари “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ажратилган.

И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳар филиали талабаларини рағбатлантириш ва мотивация қилиш, уларни билим олишга ва илмий-тадқиқот фаолиятига жалб қилиш ҳамда интеллектуал ва маънавий салоҳиятини ошириш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисининг стипендияси жорий этилди. Филиалнинг илмий кенгаши томонидан тавсия этилган 8 нафар талабаларга “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисининг стипендияси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, Қашқадарё вилоятидаги И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Ҳудудий тайёрлов бўлинмаси битирувчилари орасида мақсадли қабул алоҳида танлов натижаларига кўра амалга оширилади. Мақсадли қабул бўйича танловдан ўтолмаган МТБ битирувчилари, умумий шартлар асосида Филиалга кириш учун имтихон топшириш ҳуқуқига эга. Ҳужжатларни қабул қилиш 2021 йил 15 июндан интернет орқали oнлайн тарзда 24 соат давомида қабул қилинмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|