"Ўзбекнефтегаз": Импорт ҳажми қисқартирилиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан алоқалар кенгаймоқда (Фото)
Коронавирус пандемияси таъсири туфайли жаҳон бозорида юзага келган бугунги вазият мавжуд саноат қувватларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш ҳамда янги ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда энг аввало ички ресурслардан самарали фойдаланишни тақозо этмоқда.
Айнан шу мақсадда, "Ўзбекнефтегаз" АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ташаббуси билан тизим корхоналари эҳтиёжлари учун илгари импортдан келтирилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича маҳаллий тадбиркорлик субъектлари билан мутлақо янгича усулда ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилмоқда.
Хусусан, "Стандарт прибор" МЧЖ билан "Floread" русумли газ, суюқлик ва пар сарфи ўлчагичлари, "Спарт систем" МЧЖ билан "Dtrans" русумли босим ўлчагичлари датчиклари ҳамда "Delta trans" русумли босим ўйнашини ўлчаш датчиклари, "Штурвал" МЧЖ билан маҳаллий АГ-3 маркали адсорбентларни саноат усулида ишлаб чиқариш бўйича "йўл харита"лари белгилаб олиниб, маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ташкил этилди.
Йўл хариталари доирасида ишлаб чиқарилган янги маҳсулот намуналари бевосита "Ўзбекнефтегаз" АЖ ишлаб чиқариш объектларида малакали мутахассислар иштирокида саноат-тажриба синовларидан ўтказилиб тегишли хулосалар олинмоқда.
Июн ойининг бошида активлаштирилган кўмир маҳсулоти учун Қашқадарё вилоятида жойлашган саноат объектларида ўтказилган саноат-тажриба синовларида дастлабки ижобий хулосалар олинди.
Олиб борилган ишлар натижасида 2020 йилнинг январь-май ойларида умумий қиймати 300 млрд. сўмдан ортиқ маҳсулотлар маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилинди ҳамда ушбу қийматдаги импорт ҳажми қисқартирилди.
Ҳозирда мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар суръати кучайтирилиб, коррозияга қарши ингибиторлар, бурғилаш қувурларини таъмирлаш, активлашган кўмир, янги турдаги кимёвий реагентлар, мой ва мойлаш материаллари ҳамда нефтгаз ускуналарини саноат кооперацияси усулида ички бозорда ишлаб чиқариш бўйича манзилли ишлар амалга оширилмоқда.
"Ўзбекнефтгаз" АЖ Матбуот хизмати