Инвестиция
October 14, 2020

“Ўзбекнефтгаз”: Инвестиция лойиҳалари доирасида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш баробарида янги иш ўринлари яратилмоқда (Фото)

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 9 январдаги ПҚ–4563-сон Қарори билан тасдиқланган Давлат инвестиция дастурига асосан, жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида “Ўзбекнефтгаз” АЖ бўйича 11 та инвестиция лойиҳаси доирасида ишлар прогнозга нисбатан 102,5% бажарилди.

Жорий йил Давлат инвестиция дастури доирасида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ бўйича умумий қиймати 4 137,6 млн доллар бўлган 5 та ишлаб чиқариш объектини ишга тушириш кўзда тутилган, жумладан:

Жорий йилнинг 28 август куни “Муборак” газни қайта ишлаш заводида пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмасининг 4-тармоғини қуриш лойиҳаси доирасида қурилиш ишлари якунланиб, объект ишга туширилди. Шу билан бирга 66 та янги иш ўрни ҳамда йилига 38,4 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш имконияти яратилди.

2020 йилнинг 30 сентябрь куни “Денгизкўл”, “Хожидавлат” ва “Шарқий Олот” газ конденсати конларини ўзлаштириш лойиҳаси якунланиб, йилига 1 млрд куб метргача табиий газ ва 6,4 минг тонна газ конденсати қазиб чиқариш имкони ҳамда 45 та янги иш ўринлари яратилди.

Ноябрь ойида Газли нефть-газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли газдан олтингугуртни тозалаш қурилмаларида пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмасини қуриш ишлари якунланиб, йилига қўшимча 80,0 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва 117 та янги иш ўринлари яратилади.

Шунингдек, Шўртан нефть-газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмаларини (УППБС-3/1, 2, 5) модернизация қилиш ишлари якунланади ва йилига 61,0 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш имкони яратилади.

Декабрь ойида Шўртан газ кимё мажмуасининг тозаланган метани асосида суюлтирилган синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш (ЖТЛ) лойиҳаси доирасида қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ якунланади. Натижада, йилига 3,6 млрд куб метр газ қайта ишланиб, ундан 1,5 млн тонна синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарилади. Шу билан бирга объект ишга туширилганидан сўнг 1 321 та мутахассис иш билан таъминланади.

Гувоҳи бўлаётганингиздек, инвестиция лойиҳалари доирасида белгиланган ишлар тўлиқ амалга оширилиши баробарида, аввало, ишлаб чиқариш самарадорлиги ошмоқда. Шу қаторда янги иш ўринлари яратилиб, мутахассислар тўлиқ иш билан таъминланмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|