“Ўзбекнефтгаз”: Конлардан қазиб олинаётган табиий газ миқдорининг аниқ сарф ҳисобини юритиш ва рақамлаштириш ишлари бажарилмоқда
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига асосан, Бухорода жойлашган конлардан қазиб олинаётган табиий газ миқдорининг аниқ сарф ҳисобини юритиш мақсадида, Газни комплекс тайёрлаш қурилмаси кенгайтирилмоқда.
Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида, геологик қидирув ишларидан кейин янги “Тўмарис” ва “Саватли” конлари очилди.
Натижада, қўшимча 9,2 км газ қувури монтаж қилиниб, ушбу конлардан қазиб олинаётган табиий газни “Кулбешкак” Газни комплекс тайёрлаш қурилмаси орқали “Учқир” Газни олтингугуртдан тозалаш комплексига узатила бошланди.
Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасидаги “Тўмарис”, “Саватли”, “Дояхотин”, “Ҳожиқазғон” ва “Кулбешкак” конларидан қазиб олинаётган табиий газ миқдорининг аниқ сарф ҳисобини юритиш, таҳлил ишларини олиб бориш, автоматлаштириш ҳамда рақамлаштириш ишларини амалга ошириш бугунги кундаги долзарб масалалардан биридир.
Шунинг учун ушбу ишларни амалга ошириш ва қувурларда транспортировка жараёнларини яхшилаш мақсадида, “Кулбешкак” Газни комплекс тайёрлаш қурилмасини қўшимча суюқликларни ушлаб қолиш учун сепараторлар монтаж қилиш орқали кенгайтириш ишлари бошланди.
“Кулбешкак” Газни комплекс тайёрлаш қурилмасини кенгайтириш учун зарур бўлган барча технологик аппарат ва ускуналар олиб келиниб, монтаж ва қурилиш ишлари давом эттирилмоқда.
“Кулбешкак” Газни комплекс тайёрлаш қурилмасини кенгайтириш конлардан қазиб олинаётган табиий газ миқдорини аниқ сарф ҳисобини юритиш ҳамда рақамлаштириш имкониятини яратади.
Бундан ташқари, пул маблағларининг ортиқча сарфини тежашга ҳамда табиий газ қувурларида гидравлик қаршиликларнинг йўқотилиши эвазига кунлик табиий газ қазиб чиқариш хажмини кўпайтиришга эришилади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|YouTube|twitter|