Халқаро алоқалар
September 10, 2020

“Ўзбекнефтгаз”: Корпоратив кредит рейтинги олиш учун йирик халқаро рейтинг агентликлари ва “Ernst & Young” халқаро аудиторлик компанияси билан ҳамкорлик қилинмоқда

Корпоратив кредит рейтинги – бу Жамиятнинг кредитга лаёқатлилигини баҳолаш бўлиб, бу инвесторларга Жамиятнинг қарз мажбуриятларини ёки тўламаган мажбуриятларини бажара олиш имкониятини кўрсатади.

Корпоратив кредит рейтинги рейтинг агентликлари (Standard & Poor's, Moody's ва Fitch) томонидан берилади. Кредит рейтинг агентлиги ёки компанияси инвесторларга компаниялар ва мамлакатларнинг кредитга лаёқатлилигини мустақил, объектив баҳолаш орқали маълум бир мамлакатга, инвестиция ёки қарз сармоя киритиш қанчалик хавфли эканлигини ҳал қилишга ёрдам беради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4388-сон Қарорига мувофиқ “Ўзбекнефтгаз” АЖга 2020 йил якунидан бошлаб халқаро рейтинг агентликлари, молиявий ва юридик консультантлар билан ҳамкорликда корпоратив кредит рейтингини олиш вазифаси юклатилган.

Жамиятнинг кредит рейтингини олиш чораларини кўриш мақсадида бугунги кунда Жамиятнинг малакали ходимлари таркибидан иборат масъул “Ишчи гуруҳ” тузилган ҳамда чора- тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Бу борада, Жамият билан доимий ҳамкорлик олиб борувчи “Газпромбанк” (Россия)нинг Рейтинг маслаҳат маркази мутахассислари билан ҳамкорликда ишлар амалга оширилмоқда ҳамда видеоконференц алоқа орқали мулоқотлар ўтказилмоқда.

Ўтказилган мулоқотлар давомида ҳамкорлар томонидан Жамиятнинг кредит рейтингини олиш учун амалга ошириш лозим бўлган ишлар юзасидан тушунтириш ва таклифлар берилмоқда.

Ҳозирги кунда “Ernst & Young” халқаро аудиторлик компанияси томонидан Жамиятнинг 2018-2019 йиллар учун МҲХС (Молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари) асосида тайёрланган консолидациялашган молиявий ҳисоботини тайёрлаш ишлари якунига етмоқда.

Шунингдек, “DeGolyer&McNoughton” консалтинг ташкилоти ва “KPMG” баҳоловчи компанияси мутахассислари томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги углеводородлар захираси ҳамда асосий воситаларнинг қадрсизланиши бўйича ҳисоботларни тақдим этиш юзасидан ишлар амалга оширилмоқда.

Барча жараёнлар ўз якунига етгач, Жамиятнинг корпоратив кредит рейтингни олиш юзасидан дунёнинг “катта учлик” халқаро рейтинг агентликлари (Standard & Poor’s, Moody’s ва Fitch Rating) билан музокаралар олиб бориш режалаштирилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|YouTube|twitter|