Инвестиция
June 15, 2020

"Ўзбекнефтгаз": Инвестицион лойиҳа доирасида табиий газ ва газ конденсатининг қазиб олиш ҳажми кўпайтирилмоқда (Фото)

"Natural Gas-Stream" КҚ МЧЖ томонидан "Сечанкўл, Оқжар ва Чимбой инвестицион блокларида геологик қидирув ишларини олиб бориш ҳамда Урга, Оқчалоқ ва Чандир гуруҳи конларида қазиш ишларини амалга ошириш” инвестицион лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш департаментининг маълум қилишича, ҳозирги кунга қадар лойиҳа доирасида 25 та қудуқ бурғуланиб, 2 та қудуқда иккинчи ён тана қазиш ишлари ва 21 та қудуқда мукаммал таъмирлаш ишлари тугатилди ва 600 кв.км. майдонда 3D сейсмик қидирув ишлари ўтказилди.

Оқчалоқ инвестицион блогидаги 1-сонли қидирув қудуғида ҳам бурғулаш ишлари тугатилиб, айни пайтда синов ишларига таёргарлик олиб бориляпти. Шунингдек, ушбу кондаги яна бир эксплуатацион қудуқ ҳам бурғуланмоқда.

Лойиҳа амалга оширилгандан буён табиий газнинг қазиб олиш ҳажми жами 3,57 млрд куб метр, газ конденсати 110,81 минг тоннани ташкил этмоқда.

Табиий газ қазиб чиқаришнинг ҳажмини пасайишига йўл қўймаслик мақсадида “Natural Gas-Stream” КҚ МЧЖ томонидан 2 та қудуқда бурғилаш, 6 та қудуқда иккинчи ён тана қазиш ишлари ва 11 та қудуқда капитал таъмирлаш бўйича амалий чора тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

Қазиб чиқариш ҳажмини кўпайтириш учун қатламни гидравлик ёриш, колтюбинг қурилмаси орқали қатламга кислотали ишлов бериш, горизонтал йўналишга эга бўлган қудуқлар қазиш ва ён тана қазиш каби замоновий технологиялар қўлланилмоқда.

Лоийҳа доирасида ҳозирги кунга қадар 297.2 миллион доллар тўғридан-туғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилди.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|