“Ўзбекнефтгаз”: Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг модернизация ва қайта қуриш лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишга жаҳоннинг етакчи лицензиари жалб қилинди
2020 йил 6 июль куни “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ва Жанубий Кореянинг “SK Engineering & Construction” компанияси президенти Джейсон Анн Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш ва қайта қуриш бўйича шартнома имзолаган эдилар.
“Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация ва қайта қуриш” лойиҳаси доирасида, “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ ва “Honeywell UOP” (АҚШ) компанияси ўртасида технологик ускуналар ҳужжатлари пакетини ишлаб чиқиш бўйича битим ва лицензия шартномаси ҳам имзоланди.
“Бухоро НҚИЗ модернизация қилиш ва қайта қуриш” лойиҳаси мавжуд қувватларни қайта ишлаш чуқурлигини 79% дан 95% гача ошириш, ёруғ нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини 77% дан 91% гача ошириш ва Евро 5 стандартининг талабларига жавоб берадиган нефть маҳсулотларини ишлаб чиқаришга йўналтирилган.
Ушбу лойиҳа доирасида умумий нафтани гидротозалаш, енгил нафтани изомеризация қилиш, водород тозалигини ошириш учун қисқа циклли адсорбция қурилмалари ва мазутни каталитик крекинглаш комплексини янгидан қуриш ҳамда нордон газларни аминли тозалаш, газойлни гидротозалаш ва нефть ва газ конденсати аралашмаларини атмосфера дистиллаш қурилмаларини қайта қуриш режалаштирилган.
Таъкидлаш керакки, нефть-кимё ва энергетика саноатида лойиҳалаш ва қуриш бўйича дунёдаги етакчи компаниялардан бири бўлган “Honeywell UOP” компанияси лизензия ва технологик ускуналарнинг пудратчиси сифатида Ўзбекистон Республикасидаги 20 дан ортиқ йирик лойиҳаларда иштирок эткан.
Булар қаторида, “Қандим” газни қайта ишлаш заводида газни қуритиш ва меркаптанлардан тозалаш жараён ҳам бор.
Маълумот учун: “Honeywell UOP” компанияси 1886 йилда ташкил этилган бўлиб, нефть ва газни қайта ишлаш, нефть-кимё саноатида саноат технологияларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этишда етакчи ҳисобланади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати