March 26, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: Истеъмолчиларга икки ойда режага нисбатан 123 фоиздан кўп полимер маҳсулотлари етказиб берилди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфида иккита йирик газ-кимё мажмуалари, яъни Устюрт газ кимё мажмуаси ва Шўртан газ кимё мажмуаси фаолият кўрсатиб келмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Тижорат департаменти берган маълумотларга кўра, полиэтилен ва полипропилен маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ушбу корхоналар томонидан жорий йилнинг январь-февраль ойларда режага нисбатан 123 фоизга кўпроқ полимер маҳсулотлари истеъмолчиларга етказиб берилди.

Айни пайтда Шўртан газ кимё мажмуаси томонидан ишлаб чиқарилган полиэтилен, “Uz-Kor Gas Chemical” МЧЖ ҚК томонидан ишлаб чиқарилган полипропилен маҳсулотини экспорти тўлиқ тўхтатилиб, барча миқдорлар ички бозорга биржа савдолари орқали сотилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 20 июндаги ПҚ–2551-сонли ва 2017 йил 11 августдаги ПҚ–2965-сонли қарорларига мувофиқ истиқболдаги табиий газни чуқур қайта ишлашга йўналтирилган Шўртан газ кимё мажмуасини ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш стратегик лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Мазкур лойиҳани 2023 йилда ишга тушириш режалаштирилган бўлиб юқори қўшилган қийматга эга бўлган тайёр нефть ва газ кимё маҳсулотлари, полиэтилен ва полипропилен ишлаб чиқарилади ҳамда тобора ортиб бораётган ички бозор талабини полимерлар билан таъминлаш ва республиканинг экспорт салоҳиятини оширишга ўз хиссасини қўшади.

Шунинг билан бирга, Марказий Осиёдаги энг йирик инвестицион лойиҳалардан бири бўлган “Шўртан газ кимё мажмуасининг тозаланган метани асосида суюлтирилган синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш” GTL лойиҳаси доирасида ишлаб чиқариладиган нафта хам Шўртан газ кимё мажмуасини ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш лойиҳаси кластерида қайта ишлашга йўналтириш имконияти яратилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида базавий полимер маҳсулотлари турини кенгайтириш ҳамда мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга қаратилган истиқболдаги Метанолдан олефин олиш технологияси асосида газкимё кластерини яратиш” лойиҳаси бўйича ҳам ишлар бошланмоқда.

Лойиҳа бўйича, газни қайта ишлаб, ундан метанол хом ашёсини олиш ва метанолдан газ кимё маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи технологик кластер барпо этиш ва полиэтилентерефталат, ПВХ, пропилен-оксид полиол, полистирол ҳамда полипропилен ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши кўзда тутилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|