“Ўзбекнефтгаз”: Қашқадарё вилоятидаги GTL лойиҳасининг қурилиш майдончасидаги воқеа юзасидан РАСМИЙ БАЁНОТ
Бугун, 21 октябрь куни тахминан соат 7:30 атрофида “GTL Uzbekistan” заводи қурилиш лойиҳасининг Бош пудратчиси – “Enter Engineering Pte. Ltd.” компаниясининг қурилиш майдончаси ҳудудида ишчиларнинг оммавий иш ташлаши ва норозилиги кузатилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ишчиларнинг норозилигига турар жой ва қурилиш майдончаси ҳудудида жойлашган ошхонада нонушта ўз вақтида берилмаганлиги сабаб бўлган.
Ишчиларнинг катта норозилиги боис офис биноларига зарар етказилди, яъни Бош пудратчи (Enter Engineering, Hyundai Engineering) офис биносига (ойналар синдирилган, офисдаги жиҳозлар шикастланган), субпудратчилар ташкилотлар идораларига, шунингдек, “Uzbekistan GTL” Буюртмачи офисига ва омборлар, назорат пунктларининг эшик ва ром ойналари синдирилиб, техник воситалар яроқсиз ҳолга келтирилган.
Ҳодиса жараёнида қурилиш майдончасидаги ошхона ходимларига, Enter Engineering кадрлар бўлими, муҳандис-техник ходимларига тан жароҳати етказилиб, махсус кийимлар (комбинезонлар, махсус кийим ва оёқ кийимлари) сақланадиган омборхонага ўт қўйилган.
Воқеа жойида ҳолатни ўрганган “Ўзбекнефтгаз” АЖ масъулларининг маълум қилишича, оммавий тартибсизликларда тахминан минг киши иштирок этган. Соат 9:00 да қурилиш майдонидаги вазият барқарорлаштирилиб, оммавий тартибсизлик тўхтатилишига эришилган.
“Enter Engineering Pte. Ltd.” компанияси лойиҳа майдонида юз берган ҳолат юзасидан берган маълумотига кўра, ишчилар ошхонасида жойлашган моноблокда (электрон кириш тизими) техник носозлик содир бўлган, натижада, ишчилар нонушта қилиш учун ошхонага кира олмаган.
Воқеанинг барча ҳолатларига ойдинлик киритиш ва келгусида шунга ўхшаш ҳодисаларнинг олдини олиш учун барча масъуллар воқеа жойига етиб боришди ва ишчиларнинг меҳнат фаолияти ҳамда яшаш шароитлари ўрганилди.
Жумладан, Қурилиш майдонига Қашқадарё вилояти ҳокими, Вилоят прокурори, Миллий гвардия ва бошқа сектор раҳбарлари, “Enter Engineering” компаниясининг раҳбари, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда Энергетика вазирлигининг раҳбарияти етиб келди.
Норозилик билдирган ишчилар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Ишчи-ходимлар томонидан кўтарилган барча муаммоли масалалар жойида ҳал этилди ва тегишлилиги бўйича қарорлар қабул қилинди.
Айни вақтда вазият тўлиқ барқарорлашган бўлиб барча массасалар ҳал этилди ва ишчилар тез орада ўз иш жойларига қайтиши бўйича келишиб олинди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|