February 5, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси электр таъминотидаги узилишлардан сўнг фаолияти қайта тикланган қурилмалар ҳолатини ўрганиш мақсадида Шўртан газ кимё мажмуасида бўлди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” жорий йилнинг 4 февраль куни Марказий Осиё электр таъминотидаги тизимидаги узилиш сабабли технологик қурилмаларида содир бўлган авариявий ҳолатлар натижасида содир бўлган талофатларни жойида ўрганиш мақсадида Шўртан газ кимё мажмуасида бўлди.

Бошқарув раиси Қашқадарё вилояти Ғузор туманида жойлашган Шўртан газ кимё мажмуасида авария оқибатида талофат етган барча технологик қурилмаларнинг ҳозирги ҳолатини мутахассислар иштирокида ўрганди.

Жумладан, мажмуадаги мавжуд пиролиз печларидан иккитасининг радиант қувурлари яроқсиз ҳолатга келганлиги ва ишдан чиққан углеводородларни гидрогенлаш катализатори ҳолати билан жойида танишди. Таъкидлаш керакки, ушбу пиролиз печларининг юқори ҳароратга чидамли махсус радиант қувурлари мажмуада этилен ишлаб чиқариш цехининг асосий техник ресурсларидан ҳисобланади.

Ишлаб чиқариш технологик жараёнларида юзага келган узилишларни бартараф этиш, яроқсиз ҳолатга келган қувур ва кимёвий реагентларни тезкорлик билан мажмуага етказиб келиш, мажмуада тўлақонли фаолият олиб борилишини таъминлаш, юзага келиши мумкин булган авариявий ҳолатларни олдини олиш, ишлаб чиқариш жараёнини узлуксиз ҳамда талофатсиз давом эттиришни таъминлаш мақсадида Шўртан газ кимё мажмуаси раҳбари Шуҳрат Асланов ва масъул мутахассисларга топшириқлар берилди.

Шунингдек, Бошқарув раиси томонидан технологик жараёнлардаги мавжуд муаммоларга қарамай, уларни қисқа муддатда бартараф этиб, 2022 йилда бажарилиши белгиланган кўрсаткичларнинг амалга оширилишига салбий таъсир кўрсатмаслигини таъминлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Ишнинг сифатли ташкил этилиши ҳамда чора-тадбирларнинг белгиланган муддатда бажарилиши учун мажмуа директори, ўринбосарлар ва мутахассислар билан алоҳида муҳокама ўтказилиб, вазифалар белгилаб берилди.

Зарар етган қурилмалар учун зарур эҳтиёт қисмларни келтириш, тезкор таъмирлаш ишларини олиб бориш ҳамда мутахассисларнинг иш жараёнини мунтазам равишда назорат қилишларини таъминлаш, мажмуа ишчи-ходимларининг ишлаш шароитини янада яхшилаш, уларнинг малакасини ошириш борасидаги ишларни мунтазам ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Бошқарув раиси мажмуага ташрифи давомида, қурилма, ускуналарни таъмирлаш ишларини тизимли ва ўз вақтида тўғри марказлаштирилган ҳолда ташкиллаштирилганлиги ҳамда ишчи-ходимларнинг ўз вазифаларига масъулият билан ёндошиб меҳнат қилаётганликларини эътироф этди.

Эслатиб ўтамиз, Шўртан газ кимё мажмуасида ўтган йил давомида 4,174 миллиард куб метр (режага нисбатан 100.4 фоиз) табиий газ хомашёси чуқур қайта ишланди. Натижада, 135,2 минг тонна (режага нисбатан 104 фоиз) полиэтилен, 117,5 минг тонна (режага нисбатан 100,04 фоиз) суюлтирилган газ, 3,53 миллиард куб метр (режага нисбатан 101 фоиз) товар гази, 103,6 минг тонна (режага нисбатан 109 фоиз) газ конденсати, 1053 тонна (режага нисбатан 105,3 фоиз) олтингугурт маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Экспорт кўрсаткичлари эса, 5,599 миллион долларни ташкил этди ва режага нисбатан 119,6 фоизга бажарилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|