Халқаро алоқалар
September 18, 2020

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бир гуруҳ Россия молиявий институтларининг раҳбарлари билан музокара ўтказди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев 2020 йил 17 сентябрь куни Тошкентга ташриф буюрган “Внешэкономбанк”, “Газпромбанк” ҳамда “ЭКСАР” суғурта агентлиги раҳбарлари билан учрашди.

Россия халқаро молиявий институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Музокаралар чоғида “2017-2021 йилларда углеводород қазиб чиқаришни ошириш Дастури” доирасида 650 млн. доллар жалб қилиш шартлари мухокама қилинди.

Айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 апрелдаги “Нефть-газ тармоғининг молиявий барқарорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан “2017-2021 йилларда углеводород қазиб чиқаришни ошириш Дастури”ни амалга ошириш учун 250 млн. доллар хорижий кредитларни давлат кафолати остида жалб қилиниши кўзда тутилган.

Россия молия институтларининг кредитлари 10 йил муддатга берилмоқда, улар икки йил давомида 4 та транш билан ажратилади. Шу ўринда, Россия ишлаб чиқарувчиларидан ускуна ва моддий техник ресурсларнинг харид қилиниши кредитнинг янада имтиёзли шартларда берилишини таъминлайди.

Шу билан бирга, “Ўзбекнефтгаз” Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев “Газпромбанк” АЖ Бошқарув раисининг ўринбосари А.Белоус ҳамда “ЭКСАР” суғурта агентлиги раҳбари Н.Гусаков билан 2021 йилда “Ўзбекнефтегаз” жамияти томонидан амалга ошириладиган геология қидирув ишлари ҳамда қудуқларни бурғулаш учун 100 млн. доллар узоқ муддатли кредит ажратиш масаласи ҳам мухокама қилди.

Юқоридаги йўналишлар бўйича кредитларни жалб қилиш мақсадида Ишчи гурҳ ташкил этилиб, унга жамият бошқаруви раисининг ўринбосари Улуғбек Ашуров масъул этиб белгиланди.

Музокаралар дўстона, ўзаро ишонч ва манфаатдорлик руҳида бўлиб ўтди. Россия томони шу йилдан бошлаб “Ўзбекнефтгаз” компаниясининг молиявий ҳолати яхшиланиб бораётганлиги, тармоқнинг бозор тамойиллари асосида ишлашга ўтиши, халқаро стандарлар бўйича аудит тизими жорий қилинаётганлигидан мамнуният билдириб, молиявий ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, “Газпромбанк” АЖ “Ўзбекнефтгаз" АЖнинг ишончли ҳамкорларидан бири бўлиб, нефтгаз соҳасида лойиҳаларни молиялаштириш учун 1 млрд. долларга яқин кредит ажратган.

Жумладан, 2017-2021 йилларда углеводородлар ишлаб чиқаришни ошири дастурининг биринчи босқичи, “GTL” заводининг қурилишини мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

Таъкидлаш жоизки, учрашув Россия Федерациясининг Внешэкономбанк корпорацияси раиси Игорь Шувалов бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ташкил этилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|YouTube|twitter|