Конлар ва қудуқлар фаолияти
September 9, 2020

“Ўзбекнефтгаз”: Бухородаги “Саватли” конидан 92,3 млн куб метр табиий газ ва 1,2 минг тонна газ конденсати қазиб олиш режалаштирилмоқда (Фото)

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига асосан, мамлакатда пандемия шароитига қарамай, республика истеъмолчиларини табиий газ ресурслари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида, қудуқларда ишлаётган ишчи-ходимлар вахта режимида фаолият юритишда давом эттирилмоқда.

Хусусан, Бухоро вилоятининг Қоракўл тумани ҳудудида жойлашган “Саватли” конида ҳам ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда.

2020 йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра, ушбу кондаги умумий қудуқлар сони 9 та бўлиб, шундан 2 та қудуқда ҳозирда бурғилаш ишлари олиб борилмоқда.

Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Саватли” конидан қазиб олинаётган табиий газ “Учқир“ газни олтингугуртдан тозалаш комплексига узатилади.

Қурилмада қазиб олинган табиий газ таркибидан водород сульфид ва нордон газлар абсорбция жараёнида МДЭА эритмаси ёрдамида ажратиб олинади ва тозаланган табиий газ Учқир–Газли диаметри Д-1020, узунлиги 47 км бўлган магистраль газ қувури орқали Газли магистраль газ қувурлари бошқармасига узатилади.

2020 йилнинг январь–август ойлари мобайнида ушбу кондан 53,5 млн куб метр табиий газ ва 0,8 минг тонна газ конденсати қазиб олинди. Яна 2 та янги қудуқнинг бурғиланиб, ишга топширилиши ҳисобига қўшимча 8,6 млн куб метр табиий газ ва 0,5 минг тонна газ конденсати қазиб чиқаришга эришилди.

Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида жорий йил якуни билан “Саватли” конидан 92,3 млн куб метр табиий газ ва 1,2 минг тонна газ конденсати қазиб олиш кутилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|YouTube|twitter|