“Ўзбекнефтгаз”: Қўшимча 120 минг куб метр табиий газ қазиб чиқаришга эришиш учун янги газ қувурлари ўрнатилмоқда
Бош саҳифа
Русский
“Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан табиий газ қазиб чиқариш ва етказиб бериш бўйича қатор чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
2021 йил учун тасдиқланган геологик-техник тадбирга асосан, бошқарманинг 42 та технологик объектида модернизация ва реконструкция ишларини амалга ошириш ҳамда газ қувурларини кенгайтириш ишлари режалаштирилган.
Манзилли дастур доирасида, газ оқимида юзага келаётган сиқилишлар, гидравлик қаршиликларнинг олдини олиш учун газ қувурларини кенгайтириш ва қўшимча қувурлар тортиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Углеводородларни қазиб чиқариш департаментининг маълум қилишича, айни пайтда “Шимолий Бердақ” конидаги 5-чи Газ йиғиш пунктидан “Шарқий Бердақ” Газни комплекс тайёрлаш қурилмасигача бўлган, диаметри 325 мм, узунлиги 6000 метр газ коллектор қувурининг қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, “Арслон” Газни комплекс тайёрлаш қурилмаси товар газ қувурининг 47-километридан “Бухоро-Урал” магистраль газ қувурининг 641 километригача бўлган, диаметри 530 мм ли, узунлиги 17000 метр янги қўшимча газ қувури ўрнатилмоқда.
Газ қувурларида олиб борилаётган кенгайтириш ишлари натижасида бошқарма тасарруфидаги газ қудуқларидан бир кеча-кундузда қўшимча 120 минг куб метр табиий газ қазиб чиқаришга эришилади. Бу эса, республикамизнинг иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолисини газга бўлган эҳтиёжини узлуксиз таъминлашга хизмат қилади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|