Нефт ва газ қазиб олиш, қайта ишлаш
June 14, 2020

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари Газлида бажарилаётган ишлар ҳолатини ўрганди (фото)

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ва “Ишчи гуруҳ” аъзолари томонидан Газли нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Учқир” пропан-бутан аралашмасини ажратиб олиш қурилмасининг қурилиш ишлари ҳолати ўрганилди.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилаётган қиймати 49,4 млн. долларлик ушбу лойиҳа натижасида йилллик 80 минг тонна суюлтирилган газ ва 37 минг тонна газ конденсати ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

Ускуналар, моддий техник ресурслар сотиб олиш бўйича 13 та импорт ва 35 та маҳаллий шартномалар имзоланган бўлиб, уларни молиялаштириш учун ҳозиргача 12,3 млн. доллар ва 64,7 млрд. сўм йўналтирилди.

Қурилиш ишлари билан танишган Меҳриддин Абдуллаев йирик лойиҳа доирасида олиб борилаётган қурилиш ишлари белгиланган муддатдан кечикаётгани, ишларнинг сифатига эътибор берилмагани ва сусткашликка йўл қўйилганини танқид қилди.

Ёнғин хавфсизлиги, ошхона ҳамда телекоммуникация ишлари, қурилмани бошқарувчи операторлар учун махсус хоналардаги қурилиш ишларининг сифат даражасида бажарилмаётгани ва камчиликларга йўл қўйгани боис, бунга масъул бўлган “Муборакнефтгазмонтаж” жамияти раҳбари Баҳром Қўшшаев огоҳлантирилди.

Қурилиш ишларини сифатли давом эттириш ва ўзгаришлар қилиш учун икки ҳафта муддат берилди. Шунда ҳам ўз ишига бепарволикка йўл қўйиб, кўрсатилган камчиликларни бартараф этмаган тақдирда, “Муборакнефтгазмонтаж” жамияти раҳбарига нисбатан қаттиқ таъсир чоралар кўрилиши таъкидланди.

Шунингдек, Газли нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси раҳбариятига “Тўмарис” ва “Дояхотин” конларидаги ишлар самарасини ошириш, ишларни сифатли бажариш баробарида карантин қоидаларига тўлиқ риоя этилишини таъминлаш, ишчи-ходимлар учун барча шароитларни яратиш, карантин қоидаларига тўлиқ риоя этилиши кераклиги бўйича топшириқлар берилди.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|