“Ўзбекнефтгаз”: Мутахассислар капитал таъмирланган газ турбинали двигателларни қабул қилиб олиш учун Россияга жўнаб кетишди
Бош саҳифа
Русский
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан бошқарма ва корхоналарда углеводородларни қазиб чиқариш ҳамда қайта ишлаш ҳажмини ошириш мақсадида сиқув компрессор станцияларни барқарор ишлатиш, уларнинг қувватларини тиклаш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Ушбу чора-тадбирлар доирасида Муборак газни қайта ишлаш заводининг “ДКС-УППБС” сиқув компрессор станциясидан 2 дона “НК-16-18СТД” русумли газ турбинали двигателлар Россия давлатининг Казань шаҳридаги “КМПО” АЖ заводига капитал таъмирлаш учун юборилган эди.
Таъмирлаш ишлари “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “KMPO Motorcorp” GmbH компанияси ўртасида имзоланган шартномага асосан амалга оширилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Муборак газни қайта ишлаш заводи мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ таъмирланган двигателларни махсус синов стендида синаш ишларида иштирок этиш ва қабул қилиб олиш мақсадида Казань шаҳрига боришди.
Ишчи гуруҳи “КМПО” АЖ заводининг иш фаолияти билан яқиндан танишиб, газ турбинали двигателларни капитал таъмирлаш вақтидаги техник жиҳатдан мураккаб бўлган текшириш, ҳисоблаш, йиғиш, созлаш ва синов жараёнларини ўрганиб чиқишди. Бир сўз билан айтганда, ушбу ташриф мутахассислар учун хорижлик ҳамкасблари билан тажриба алмашиш имкониятини ҳам берди.
Ҳозирда 2 та газ турбинали двигатель “Зеленодольский машиностроительный” заводида махсус стендга ўрнатилган бўлиб, синов ишлари бошланган. Жараёнда газ турбинали двигателларнинг капитал таъмирдан кейинги ишчи техник кўрсаткичлари текширилмоқда.
Двигателларни синов жараёнига тайёргарлик ишлари ва синов стендининг техник ҳолати синчковлик билан ўрганиб чиқилди ва синов вақтида газ турбинали двигателларни техник кўрсаткичлари ишлаб чиқарувчи заводнинг “ишлатиш қўлланмаси”га тўғри келиши бўйича қатъий талаб қўйилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|