August 26, 2020

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида углеводородларни қазиб чиқариш бўйича кутилаётган прогноз кўрсаткичларига оид видеоселектор йиғилиши ўтказилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида углеводородларни қазиб чиқариш бўйича январь-август ойлари якунида кутилаётган прогноз кўрсаткичлари борасида видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда инвестиция дастурининг ижро ҳолати ва янги қувватларни фойдаланишга топширилиши ҳам муҳокама этилди.

Жорий йил август ойининг ортда қолган даврида табиий газ қазиб чиқариш кўрсаткичлари бўйича Муборак, Шўртан, Водий нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари томонидан белгиланган режанинг бажарилгани аммо, Газли ва Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармалари томонидан қолоқликка йўл қўйилгани таъкидланди.

Шунингдек, Бошқарув раиси қудуқларни ишга тушириш ҳолати, технологик объектлар бўйича режалаштирилган тадбирлар ижроси қониқарсиз эканлигини кескин танқид қилди ва Учқир сиқув компрессор станциясини қуриш ишларини бир муддат кечикаётганлигини бунга мисол қилиб келтирди.

Бошқарув раиси томонидан барча масъулларга конларда ва қудуқларда ишни тўғри ташкил қилиш, ҳар бир коннинг ўз “эгаси” бўлиши кераклиги, яъни табиий газ қазиб чиқарилиши учун жавобгар масъул бўлиши шартлиги айтилди.

Бундан ташқари, конлар ва қудуқларда вахта режимида меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар яшайдиган махсус жойларнинг аҳволи, овқатланишлари учун озиқ-овқатнинг таркиби, калорияси масаласи таҳлил қилинди. Айрим жойларда ишларнинг тўғри ташкил қилинмагани учун, бу борада кечиктириб бўлмас чоралар кўрилиши бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Аввало, узоқ йиллардан буён тизимда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг разрядларининг ҳануз пастлигича қолаётгани айтилди ва ишчи-ходимларнинг манфаатдорлигини таъминлаш, шарт-шароит ҳамда ишлаш учун барча қулайликлар яратилмагани танқид қилинди.

Бошқарув раиси энг муҳим масалалардан бири сифатида бурғилаш ишларидан сўнг ёки қайта таъмирланиб ишга туширилаётган табиий газ қудуқларининг самарасига эътиборли бўлиш ва қазиб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича топшириқлар берди.

Видеоселетор йиғилиши давомида суюлтирилган газ масаласи, тизимда молиявий хатолар ва камчиликларнинг учраётгани ҳамда бензин ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалаларига ҳам тўхталинди.

Йиғилиш сўнггида Бошқарув раиси “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг тизимидаги барча корхона ҳамда ташкилот раҳбарларига қисқа муддатда, карантин шароитида ишсиз, даромадсиз қолган эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож ишчи-ходимларнинг шаффоф рўйхати – “Темир дафтар” шакллантириш бўйича топшириқ берди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|YouTube|twitter|