April 6, 2022

"Ўзбекнефтгаз": Бошқарув раиси бошчилигида “Ernst and Young” иштирокидаги операцион самарадорликни ошириш лойиҳаси натижалари сарҳисоб қилинди

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги ПҚ-4388 “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги корхоналар фаолиятини такомиллаштириш мақсадида акциядорлик жамиятига “Ernst and Young” мустақил халқаро компанияси экспертлари жалб этилди.

2020 йил бошидан “Ernst and Young” билан биргаликда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ишлаб чиқариш жараёнларининг операцион самарадорлиги ва ишончлилигини ошириш" лойиҳаси амалга оширилди.

Жорий йилнинг 5 апрел куни Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев раислигида лойиҳа бошқарув қўмитасининг якуний йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда бажарилган ишлар натижалари сарҳисоб қилинди ва корхоналарда ишлаб чиқариш жараёнларининг кўзланган моделини амалга ошириш бўйича кейинги ҳаракатлар муҳокама қилинди.

Йиғилишда Бошқарув раиси ушбу лойиҳадан кўзланган асосий мақсадга эътибор қаратиб, ўтган 28 ой мобайнида лойиҳа доирасида ишлаб чиқариш кўрсаткичларини яхшилаш ҳамда углеводород хом ашёсини қазиб чиқариш ва қайта ишлаш жараёнида юзага келадиган йўқотишларни бартараф этишда ўзининг самарасини кўрсатганлигини қайд этди.

Таъкидлаш жоизки лойиҳани тадбиқ этишда дастлаб бошқарма ва корхоналардаги ускуналарнинг ишончлилиги ва имкониятлари бўйича ўрганишлар ўтказилди.

Иккинчи босқичда техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш билан боғлиқ жорий жараёнлар ҳолати ўрганилди. Ишлаб чиқаришни режалаштириш, таъминот ва техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш жараёнларини автоматлаштиришнинг ҳозирги даражаси ва жараёнларни янада такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишлари белгилаб берилди.

Учинчи босқичда бизнес-жараёнларнинг кўзланган модели шакллантирилди.

Тўртинчи босқичда Бошқарув аппарати ва ишлаб чиқариш майдонларининг 277 нафар ходимлари техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашга янгича ёндашув ва операцион самарадорлик кўрсаткичларини ҳисоблаш бўйича ўқитилди. Малака оширган ходимлар орасида етакчилар аниқланди.

Бешинчи босқичда Шўртан газ кимё мажмуасида ускуналарни ишлатиш ва техник хизмат кўрсатиш стратегияси ишлаб чиқилди. Муборак ва Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари ҳамда Муборак газни қайта ишлаш заводи бўйича ускуналарни таснифлаш ва туркумлаш амалга оширилди. Ускуналарнинг ишончлилигини таъминлаш учун асосий ишлаш кўрсаткичлари аниқланди.

Олтинчи босқичда техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш тизимини ривожлантиришнинг мақсад ва вазифаларини белгилайдиган техник сиёсат ишлаб чиқилди. Техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш соҳасида техник сиёсатни амалга оширишнинг батафсил режаси тайёрланди.

Еттинчи босқичда техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича ишлаб чиқариш жараёнини бошқариш тизимини автоматлаштириш учун батафсил техник топшириқ ишлаб чиқилди. Шўртан газ кимё мажмуаси ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишончлиликни бошқариш ва техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш жараёнларини ўзгартиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш жараёни мавжуд. Ушбу корхоналарда ишончлиликни бошқариш хизматлари яратилган.

Саккизинчи босқичда лойиҳа натижалари баҳоланди ва ишлаб чиқариш жараёнларининг асосий кўрсаткичлари ҳисоблаб чиқилди.

Йиғилиш якунида Бошқарув раиси томонидан келгусида лойиҳа доирасида ишончлиликни бошқариш тизимини жорий этиш ва “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг барча ишлаб чиқариш майдонларида таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатишни режалаштириш ва амалга оширишга янги ёндашувларни тадбиқ этиш бўйича вазифаларни ўз вақтида бажарилиши бўйича кўрсатмалар берилди.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|