Заводлар фаолияти
October 23, 2020

“Ўзбекнефтгаз”: Жорий йилнинг 9 ойида хавфли ишлаб чиқариш объектларининг сони 197 тага камайтирилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси бошчилигида жорий йилнинг 9 ойида бошқарма ва корхоналарда саноат ва экология хавфсизлиги, соғлиқни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги йўналишида қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Жамият тизимидаги объектларни саноат хавфсизлиги экспертизаси соҳасида идентификация қилиниши натижаларига асосан, хавфли ишлаб чиқариш объектлар сони 1233 та (2019 йилда 1430 та) ни ташкил этади. Объектлардаги технологик ускуна ва жиҳозларнинг сони эса 17 536 тадан иборат.

Саноат ва экология хавфсизлиги, соғлиқни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги департаментининг маълумотига кўра, 2020 йил январь–сентябрь ойлари давомида 1 470 та технологик ускуналар техник диагностикадан ва 3 612 таси техник кўрикдан ўтказилган. Технологик ускуна ва жиҳозларнинг хавфсиз ишлатилиши юзасидан мутахассислар томонидан доимий профилактика назорат ишлари олиб борилмоқда.

Тизимдаги бошқарма ва корхоналарда 2020 йил учун ҳудудий экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмиталари билан ҳамкорликда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида атмосфера ҳавосига ташланадиган ташламалар миқдори 14 981,48 тонна, оқова сувлар ташланмалари 1 654,0 тонна ва чиқиндилар миқдори эса белгиланган меъёрга нисбатан 38 679,39 тонна кам ташланди. 230,19 гектар бузилган ерлар рекультивация қилиниши натижасида ер ресурсларини муҳофаза қилишга ва чиқиндиларни утилизация қилинишига эришилди.

Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш мақсадида 33 774 дона манзарали ва мевали дарахт кўчат экилди.

"Муборак" газни қайта ишлаш заводида ишдан чиққан қувватларнинг ўрнини қоплаш мақсадида “Олтингугурт ишлаб чиқариш қурилмасини қуриш” тадбирини амалга ошириш натижасида атмосфера ҳавосига ташланаётган олтингугурт ангидриди SO2 газини 5–6 минг тоннага камайтириш режалаштирилган.

Ишчи ходимлар соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича 13 250 нафар ходим тиббий кўрикдан ўтказилган. Тиббий кўрик натижасига кўра, 516 нафар ходим даволанишга тавсия этилган, 62 нафар ходим даволанишга юборилган ва 30 нафар ходимга тиббий кўрик хулосасига мувофиқ касби ўзгартирилган.

Хавфсизлик маданиятини ривожлантириш, хавфлар ва рисклар бўйича жорий йил ҳисобот даврида ушбу соҳани ривожлантириш доирасида бир қатор меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Раҳбарият томонидан ҳалокат ва бахтсиз ҳодисаларга йўл қўймаслик мақсадида зарур чоралар ишлаб чиқилган бўлса-да, бироқ ер ости захираларини аниқлаш, уни қазиб олиш, қайта ишлаш жараёнларида ишчи-ходимлар томонидан йўл қўйилган биргина хато, йўриқномаларга амал қилмаслик, катта фожиаларни келтириб чиқариши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Шу сабаб хавфсизлик маданиятини ривожлантириш, хавфлар ва рисклар, ISO 45001:2018, ISO 14001:2015 халқаро стандартлари, саноат ва экология хавфсизлиги, соғлиқни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги йўналишида 204 нафар мутахассис ўқитилди.

Бундан ташқари, ISO 45001 ва ISO 14001 стандартларнинг “Ички аудитнинг амалий жиҳатлари” мавзусида ташкил этилган вебинарларда иштирокчиларга хавфсизлик маданиятини ривожлантириш, хавфлар ва рисклар йўналишида амалий ёрдам ҳамда керакли тавсиялар берилди.

“Ўзбекнефтгаз”АЖ Бошқаруви раисининг қарори билан бошқарма ва корхоналарнинг объектларида фаолият олиб бораётган пудратчи/субпудратчи корхоналарда назорат ўтказилди. Натижада, уларда жами бўлиб 121 та камчилик аниқланди. Шундан 41 таси жойида бартараф этилишига эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ, Республика иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолисига ёқилғи-энергетика маҳсулотларини барқарор етказиб бериш, нефть-газ тармоғида ишлаб чиқаришнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарма ва корхоналарида COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|