“Ўзбекнефтгаз”: Шўртан газ кимё мажмуаси томонидан 10 минг гектар майдонда “Яшил қалқон” ҳимоя ҳудуди барпо этилган (Фото)
Бош саҳифа
Русский
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан бошқарма ва корхоналарда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга, санитария ва экологик ҳолатни яхшилашга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада самарали натижаларга эришилмоқда.
Хусусан, Шўртан газ кимё мажмуасида “Атроф-муҳит муҳофазаси куни”га бағишлаб ўтказилган илмий-амалий анжуманда ҳам табиатни асраб-авайлашга доир амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги режалар хусусида фикр алмашилди.
Бугунги кунда атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашда ишлаб чиқариш корхоналарининг олдига аввало тежамкор технологиялардан фойдаланиш вазифаси қўйилган.
Шу боис Шўртан газ кимё мажмуаси ишлаб чиқариш жараёнлари билан бир қаторда ўз ҳудуди ҳамда теварак атрофида яшил ҳудудларни ташкил этиш ва технологик жараёнларни чўл ҳудудида кузатиладиган қум бўронларидан ҳимоя қилиш мақсадида мажмуа атрофида 10 минг гектар майдонда “Яшил қалқон” санитар ҳимоя ҳудуди барпо этилган.
Дастлаб, Шўртан газ кимё мажмуасига олиб келувчи автомобиль йўлининг 16 км қисмида 4 қатордан 2 томонлама манзарали дарахтлар экиш ва суғориш тизимини ташкил этиш мақсадида 28 мингга яқин турли хилдаги манзарали дарахтлар экилиб, ҳозирги кунга қадар парвариш қилиб келинган. Бугунги кунга келиб мазкур йўл атрофида экиб парвариш қилинаётган дарахтлар сони 107 мингдан ортиқ бўлиб, қаторлар сони 10 тани ташкил этади.
Шунингдек, корхонада дарахтзорларни сув билан тўлиқ ва самарали таъминлашни йўлга қўйиш учун янги насос станцияси қуриб фойдаланишга топширилди. Томчилаб суғориш тизими учун Италияда ишлаб чиқарилган замонавий янги ускуналар ўрнатилди. Натижада дарахтларни суғориш оралиқ вақтини қисқартиришга эришилди.
Анжуман давомида Шўртан газ кимё мажмуасида ўтказилган “Энг экологик тоза цех” кўрик танловида ғолиб бўлган жамоалар тақдирланди. Кўрик танлов натижаларига кўра биринчи ўрин Омборларни бошқариш хизмати жамоасига, иккинчи ўрин Ички сув таъминоти цехи жамоасига ҳамда учинчи ўрин “Буғгазҳаво таъминоти” цехи жамоаларига насиб этди.
Бу каби тадбирларлардан кўзланган асосий мақсад табиатга чиқадиган зарарли таъсирларни камайтириб, атроф-муҳитни асрашга бўлган эътиборни кучайтиришдан иборатдир.
Шунингдек, анжуман якунида Шўртан газ кимё мажмуасида янги модернизация қилинган оқова сувларни тозалаш иншоотининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маълумот учун, Шўртан газ кимё мажмуасига қарашли ташқи оқова сувларни тозалаш иншоотида амалга оширилган модернизация ишларининг умумий қиймати 12,1 млрд сўмни ташкил этиб, иншоотининг самарадорлиги кунига 360 куб метр дан 1000 куб метр гача оширилди.
Мазкур иншоот Шўртан газ кимё мажмуаси ҳамда “Uzbekneftegaz GTL” заводининг ишчилар шаҳарчасида ҳосил бўладиган маиший оқова сувларни тозалаш учун хизмат қилади.
“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ Матбуот хизмати
#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|