“Ўзбекнефтгаз”: Шўртан газ кимё мажмуасида HR тизими жорий этилди
Бош саҳифа
Русский
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги ПҚ–4388-сонли “Аҳолини ва иқтисодиётни энергоресурслар билан барқарор таъминлаш, нефть ва газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан жамият таркибидаги корхоналарда кадрларни бошқаришда дунё стандартларига мос халқаро тажрибалардан фойдаланган ҳолда янгича бошқариш – HR тизимини қўллаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳозирги кунда жамиятнинг иқтисодий жиҳатдан тараққий этишида инсон ресурсларини бошқариш муҳим аҳамият касб этади.
Хусусан, жамият корхоналари ва бошқармаларида билимли, етук малакали ходимларни танлаш, ўқитиш, иш ўрнига мослаштириш (адаптация) ва мотивация бериш, инсон ресурсларини бошқаришда ижобий натижаларга эришиш учун амалда синалган тизимларни жорий қилиш, янги стратегияларни ишлаб чиқиш ва тараққий эттириш бўйича доимий равишда тинимсиз изланишлар олиб борилмоқда.
Шўртан газ кимё мажмуаси мана 20 йилдирки нефть ва газ соҳасида ўзининг ишлаб чиқариш кўрсаткичлари билан мамлакатимиз иқтисодиётига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Мажмуанинг узоқ йиллик фаолияти давомида ходимлар сони ҳам сезиларли даражада ортди. Бу эса, ўз навбатида ходимлар билан меҳнат муносабатларини олиб бориш, ходимлар қўнимсизлигини олдини олиш, билимли, етук малакали ходимлар билан таъминлаш учун янгича усуллардан (Recruiting, HeadHunting) фойдаланиш мақсадида мажмуа раҳбариятининг 2021 йил 21 майдаги 021/197-сонли буйруғи асосида Персонални бошқариш хизмати (HR) ташкил этилди.
Мажмуада эндиликда Персонални бошқариш хизмати (HR) таркибига:
– Персонални танлаш (Recruiting) гуруҳи;
– Ходимлар бўйича иш юритиш ва ҳужжат алмашинуви гуруҳи;
– Ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув маркази фаолияти киради.
Персонални бошқариш хизмати (HR) мақсади мажмуа ишчи-ходимларни малакасини ошириш, ўқитиш, вакант (бўш) иш ўринларига улар орасидан муносибини танлаш, иш ўрнига мослаштириш (адаптация), мотивация бериш, корхонани юқори салоҳиятли, тажрибали, истиқболли кадрлар билан таъминлашдир.
HR менежмент – корхонада ўзига юклатилган меҳнат функцияларини бошқаришга қодир юқори малакали ходимлар билан таъминлашга ва ундан оптимал фойдаланишга қаратилган билим ва амалий фаолият соҳасидир.
HR тизими бу инсон ресурсларини бошқариш тизимидир. Оддийроқ қилиб айтганда, ходимларни бошқаришнинг энг замонавий ва энг самарали усулларини қўллаш. Ривожланган давлатларда ҳозирги биз ишлатаётган кадрлар хизмати ўрнида айнан HR хизмати, HR менежерлари фаолият юритади.
HRда эса асосан ходимлар билан, уларнинг шахси билан кўпроқ ишланади, айнан бу тизимда ходим ва корхона ўртасида узвийлик кўпроқ бўлади. Тасаввур учун айтамиз, ҳозирги кадрлар хизмати тизимида 70 фоизлик иш кўлами ҳужжатлардан, 30 фоизи ходимларнинг шахси билан боғлиқ бўлса, HRда бунинг тескариси, яъни ҳужжатлар билан ишлаш иш кўламининг 30-35 фоизини ташкил қилиши керак. Қолган ресурслар ходимларнинг ўзига қаратилади.
Ҳозир, мамлакатимизда ривожланган замонавий компаниялар, қўшма корхоналар кадрлар хизмати бўлимларидан воз кечиб, HR бўлимлари билан ишламоқда. Бунда ҳозирги кадрлар хизмати фаолияти HRнинг алоҳида йўналиши сифатида унинг ичида бўлади.
HR ва кадрлар бўлими ўртасидаги асосий фарқ натижавий муҳитда. Ҳужжатларга кўмилган кадрлар хизматларида ходимларнинг манфаатлари у қадар эътиборга олинмайди, муҳит ҳам шунга яраша бўлади. Ходимларнинг шахси билан ишлашга ва ўртада кўприк яратишга қаратилган HRда меҳнаткаш ходимлар жуда қадрланади, жамоа бир оиладек шаклланади, ўз-ўзидан муҳит ҳам, ишчанлик кайфияти ҳам яхши бўлади.
Маълумот учун: Headhunting бу мутахассислик бўйича ҳам, мутахассисларнинг касбий маҳорат даражаси бўйича ҳам етук ва юқори малакали кадрларни бошқа ташкилот ва компаниялардан излаш, жалб қилиш ва танлаш билан шуғулланадиган фаолиятдир.
Персонални танлаш гуруҳи Recruiting (Recruit – ёллаш, ишга чақириш) – бу корхонадаги вакант (бўш) лавозимларга номзодларни ички ва ташқи кадрлар захирасидан излаш, ишчи гуруҳ орқали уларни билим тажрибасини текшириш, улар орасидан муносибини танлаш фаолиятидир.
“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ Матбуот хизмати
#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|