February 1, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: “Шарқий Ҳатар” конидаги қудуқдан саноат аҳамиятига эга табиий газ маҳсулоти олинди

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Uzbekistan GTL” заводининг очилишига ташрифи давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевга берган топшириқларининг ўз вақтида ижросини таъминлаш мақсадида углеводород хом ашё заҳираларини кўпайтиришга қаратилган геология-қидирув ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда.

Жумладан, 2022 йилнинг 28 январ куни Бухоро вилоятининг Қоракўл тумани ҳудудида жойлашган “Шарқий Хатар” конидаги 2-сонли излов қудуғида олиб борилаётган бурғилаш ишлари муваффақиятли якунланди.

Ушбу қудуқда аниқланган истиқболли юра даврининг карбонат қатламларни 2158-2173 ва 2139-2121 метр чуқурликдаги орлиқларини синаш натижасида табиий газ хом ашёсининг саноат аҳамиятига бўлган оқимларини олишга эришилди. Дастлабки олинган маълумотларга кўра, қудуқдан чиқаётган табиий газнинг миқдори 200 минг куб метрдан кўпроқ деб баҳоланмоқда.

“Шарқий Хатар” кони Бухоро вилояти ҳудудида очилган “Андакли”, “Шорқум”, “Парсанкўл” ва “Ғарбий Хўжа” каби конлар атрофида жойлашган бўлиб, у 2019-2020 йилларда 2244 метр чуқурликга бурғилаган 1 излов қудуғидан кунлик 130 минг куб метр табиий газ оқимларини олиш эвазига очилган.

Ҳозирда “Шарқий Хатар” конининг 2-сонли излов қудуғида маҳсулдор қатламнинг босими, ҳарорати ва бошқа бир қатор кон-геологик параметрларини аниқлаш ҳамда унинг саноат миқёсида ишлаб чиқариш қувватларини баҳолаш борасидаги геологик тадқиқот ишлари, шунингдек навбатдаги 3-сонли излов қудуғи жойлаштирилган нуқтага бурғилаш ускунасини кўчириб ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун: “Шарқий Хатар” конининг ўлчами 22,4 кв.км., табиий газ ресурслари – 10,5 млрд куб метрни ташкил этади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|