Заводлар фаолияти
August 2, 2020

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” Муборакда амалга оширилаётган суюлтирилган газ ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари инвестицион лойиҳалар доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш мақсадида, Қашқадарёдаги ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналарида бўлди.

Даставвал, “GTL” заводи ҳамда “Шўртан газ кимё мажмуаси”да, сўнгра “Муборак” газни қайта ишлаш заводида амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар доирасида бугунги кунга қадар қилинган ишлар ўрганилди.

“Муборак” газни қайта ишлаш заводида аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш, табиий газ ва суюлтирилган углеводородларни янада кўпайтириш, экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини ошириш юзасидан иккита йирик инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш керакки, ушбу иккита лойиҳанинг умумий қиймати 73,6 млн. АҚШ долларини ташкил этади ва бу лойиҳа амалга ошгач, йилига қўшимча 60 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади ҳамда қўшимча янги иш ўринлари яратилади.

Бошқарув раиси ва “Ишчи гуруҳ” аъзолари ана шу лойиҳалар доирасида бажарилаётган якуний босқичдаги ишлар билан яқиндан танишди.

Мавжуд “Пропан-бутан аралашмаси ажратиб олиш қурилмасининг 1-, 2- ва 3-тизимларини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида олиб бориладиган бустер компрессор қурилиши ва “Пропан-бутан аралашмаси ажратиб олиш қурилмасининг 4-тизимини қуриш” лойиҳаси бўйича амалга ошириладиган қурилиш-монтаж ишлари мутахассислар билан биргаликда кўриб чиқилди.

Бошқарув раиси суюлтирилган газ ишлаб чиқариш лойиҳасининг қурилиш-монтаж ишларини узлуксиз давом эттириш ҳамда ишчи-ходимлар учун барча шароитларни яратиш кераклиги бўйича вазифаларни белгилаб берди.

Бу лойиҳа доирасида маҳсулот сифатини бошқариш тизимини такомиллаштириш, унинг рақобатбардошлилигини ошириш бўйича қилинаётган ҳамда режалаштирилган ишлар назорат қилинди ва ушбу қурилманинг сентябрь ойида ишга туширилиши бўйича “Муборак” газни қайта ишлаш заводи раҳбарига топшириқлар берилди.

Эслатиб ўтамиз, аҳолини суюлтирилган газ билан қўшимча таъминлаш мақсадида, янги “Пропан-бутан аралашмаси ажратиб олиш қурилмасининг 4-тизимини қуриш” лойиҳаси доирасида ҳам қурилиш-монтаж ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг ноябрь ойида қурилиши тугалланиб, ишга туширилиши режалаштирилган ушбу қурилма орқали йиллик қуввати 38,0 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш имкони яратилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|