“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида 2022 йилнинг январь-февраль ойларида бажарилган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди (Фото)
Бош саҳифа
Русский
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан республика иқтисодиёти тармоқлари ва аҳолисини нефть ва газ ресурлари билан барқарор таъминлаш бўйича берилган топшириқлар ижроси юзасидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида акциядорлик жамияти фаолияти самарадорлигини янада оширишга доир “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларнинг бажарилиш ҳолати, жорий йилнинг январь-февраль ойлари якунларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Бошқарув раиси ўринбосарлари, Департамент ва Бошқармалар, “ЎзЛИТИнефтгаз” АЖ, “Ўзнефтгаз бурилаш ишлари”, “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” АЖ, “Андижоннефтгазқудуқтаъмирлаш”, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ-кимё мажмуси, Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи, “Махсусэнергогаз” АЖ, “Uzbekistan GTL” заводи, “UNG Petro” корхонаси ҳамда нефть базалар раҳбарлари иштирок этган мазкур йиғилишда жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.
Бошқарув раиси томонидан йиғилиш аввалида йилдан йилга ортиб бораётган иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг табиий газга бўлган эҳтиёжини қоплаш, қуриб ишга туширилган “Uzbekistan GTL” заводига узлуксиз газ хом ашёсини етказиб бериш, қазиб чиқарилаётган табиий газ миқдорлари билан ўстирилаётган захира миқдорлари мутаносиблигини таъминлаш талаб этиши таъкидланди.
Йиғилишда 2022 йилнинг ўтган икки ойи якунлари бўйича кутилаётган натижалар қайд этилди. Унга кўра, табиий газ қазиб чиқариш бўйича ўсиш суръатини 101,4%га етказиш, газ конденсати бўйича – 240,0 минг тоннани ёки прогнозга нисбатан 102,7%, ўсиш суръати эса 102,1% бўлишини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.
Бошқарув раиси томонидан режани бажариш ва бу борада мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланмагани сабаб Муборак, Шўртан ва Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари ва белгиланган прогнозга нисбатан 45,3 млн куб метр газ қазиб олишда қолоқликка йўл қўйилаётгани танқид қилинди.
Таъкидланишича, нефть қазиб чиқариш – 17,9 минг тонна ёки прогнозга нисбатан 102,3%ни, ўсиш суръати эса 85,5%ни ташкил этиши кутилмоқда. Йиғилишда ушбу кўрсаткич бошқармалар кесимида таҳлил этилди. Белгиланган прогноз кўрсаткичлари Муборак ва Водий нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари томонидан бажарилган бўлсада, ўсиш суръатлари таъминланмаган (мос равишда 86,2%; 51,6%).
Белгиланган кўрсаткичларга эришиш учун, 2022 йил январь-февраль ойларида 14 та қудуқда бурғилаш, 98 та қудуқда капитал таъмирлаш ишлари ҳамда 3 та технологик чора-тадбирлар амалга оширилди. Йил давомида эса 105 та қудуқларда бурғилаш, 594 та қудуқда мукаммал таъмирлаш ва интенсификация ишлари ҳамда 27 та технологик объектларда қурилиш монтаж ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
Йиғилишда айни пайтда Муборак ҳудудида “Денгизкўл”, Шўртан ҳудудида “Жанубий Тандирча” конида барпо этилаётган сиқув компрессор станцияларида олиб боралаётган жараёнлар ҳақида ҳисоботлар тингланди. Бошқарув раиси ушбу технологик объектларни ўз вақтида қуриб ишга тушириш бўйича кўрсатмалари берди.
Давлат раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида "Ўзбекнефтгаз" АЖ раҳбарига Устюртнинг кенг имкониятларидан фойдаланиб, ҳудудда қазиб чиқариш ҳажмларини ошириш юзасидан топшириқлар берилган эди. Йиғилишда ушбу топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида чуқур қатламларда бурғиланаётган қудуқларни фойдаланишга топшириш ишларини жадаллаштириш, доимий таҳлиллар олиб бориш натижасида юқори миқдорда дебит олиш чоралари ишлаб чиқилди.
Амалга оширилган самарали тадбирлар натижасида жорий йилнинг икки ойида табиий газ захираларини ўстириш мақсадида 290,0 кв км майдонда 3Д сейсмик-қидирув ишлари ўтказилди, 21,1 минг метр излов-қидирув бурғилаш ишлари бажарилди ва 4 та (“Шарқий Хатар-2”, “Ғарбий Тегирмон 6”, “Ўртақум 2” (БХР), “Ниёз 1” (Ҳиссор региони)) излов қудуқлари қурилиш билан тугатилди.
Йиғилиш кун тартибида Суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳолати ҳам кўриб чиқилди. 2022 йил январь-февраль ойларида суюлтирилган газ ишлаб чиқариш – прогнозга нисбатан 106%, ўсиш суръати эса 109,5%ни ташкил этиши кутилмоқда.
Бошқарув раиси аҳолини табиий газ етиб бормаган ҳудудларида яшовчи аҳолини узлуксиз суюлтирилган газ билан таъминлаш мақсадида жорий йил апрель ойи якунига қадар барча технологик қурилмаларни тўлиқ қувватларда ишга тушириш ва маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш чораларини кўриш бўйича зарур вазифаларни белгилаб берди.
Бошқарув раиси тизимдаги корхона ва ташкилотлар томонидан йўл қўйилаётган молиявий қонун бузилишлар бўйича кўрилаётган чораларини ўта қониқарсиз баҳолади.
Хусусан, улар томонидан 92 млрд сўмлик камомад ва ўзлаштиришлар, 58 млрд сўмлик жамиятга зарар, 220 млрд сўмлик бошқа хато ва камчиликлар, 238 млрд сўмлик Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан масъул сақлашга қўйилган маҳсулотларни ўзбошимчалик билан бериб юбориш ҳолатлари аниқланган.
Нефть базаларда ўрганишлар натижасида жами 590 млрд сўмлик хато-камчиликлар аниқланди.
Ҳозирда ўрганишларда аниқланган 283 млрд сўмлик камомад, ўзлаштириш ва бошқа хато-камчиликлар бўйича маълумотлар ҳуқуқ тартибот идораларига тақдим этилган.
Шундан 28 таси бўйича тегишли идоралар томонидан жиноят иши қўзғатилган, 4 таси бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, аниқланган камомадлар ундирилган ва 8 таси бўйича ҳолатда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бошқарув раиси Молиявий комплаенс назорат департаменти раҳбарига ноқонуний хатти-ҳаракатларига барҳам бериш борасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги билан ҳамкорликда белгилаб олинган вазифаларнинг ижросини сўзсиз таъминлаш бўйича қатъий топшириқ берди.
Шунингдек, йиғилишда биринчи чорак ва 2022 йил учун устувор вазифалар белгилаб олинди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|