Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди
«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раиси ҳамда Хитой Халқ Республикасининг йирик нефт-газ корпорацияси “CNPC”нинг Марказий Осиё ва Россия бўйича Бош директори Чэнь Хуайлун ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида томонлар углеводородларни қидириш, қазиб олиш ва транспортировка қилиш бўйича жорий ва келгусидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари ҳамда инновацион технологияларни жорий этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Асосий эътибор мавжуд қўшма корхоналар самарадорлигини ошириш, стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, ишлаб чиқариш жараёнларини бошқариш бўйича илғор тажриба алмашишга қаратилди.
Учрашувда, шунингдек, "New Silk Road Oil and Gas" МЧЖ ҚК ва "Asia Trans Gas" МЧЖ ҚК қўшма корхоналари вакиллари ҳам иштирок этиб, жорий фаолият натижалари ва истиқболли ташаббусларни тақдим этдилар.
Музокаралар якунида томонлар ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга ўзаро тайёр эканликларини билдирдилар.