June 15, 2021

ЎЗБЕК ЧАРМ-ПОЙАБЗАЛ ВА МЎЙНА МАҲСУЛОТЛАРИ ДУШАНБЕДАГИ ШОУ-РУМДА ТАҚДИМ ЭТИЛДИ

2021 йилнинг январь-май ойлари бўйича тақдим этилган статистик маълумотларга кўра Тожикистон Ўзбек пойабзалларини ҳарид қилувчи учта асосий давлатдан бирига айланган. Ўтган беш ой ичида экспорт кўрсаткичлари 1,6 млн. долларни ташкил этган. Бу фақатгина икки томонлама алоқаларнинг бир қисми халос. Ўзаро товар айрибошлаш ҳажмини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Тожикистонга амалга оширган расмий ташрифи чоғида янги бир ташаббус ҳаётга жорий қилинди.

Душанбе шаҳрида “Made in Uzbekistan” ёрлиғи остида шоу-рум ўз ишини бошлади. Кўргазма павилионида 5 йил давомида Ўзбек чарм-пойабзал ва мўйна маҳсулотлари доимий тақдим этилади. Эндиликда Тожикистоннинг ўзида турган холда мижозлар миллий маҳсулотларимиз билан яқиндан танишишлари, уларни синаб кўриш имконига эга бўлдилар. Шоу-румда Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган маҳсулотларнинг кенг ассортименти намойишга қўйилган. Наъмуналар орасида эркаклар, аёллар,болалар ва кўплаб турдаги классик ва махсус пойабзалларни учратиш мумкин. Тожикистонлик тадбиркорлар шунингдек, бу ерда Ўзбек қоракўли ва чарм-атторлик буюмларининг сифатини баҳолаш имконига эгадирлар.

Қайд этиш керак, Ўзбек-Тожик бизнес форуми доирасида қатор шартномалар ва келишувларга эришилди. Ушбу форумда “Ўзчармсаноат” уюшмасига аъзо корхоналардан “COMFORT LEATHER SHOES” МЧЖ, “AMR UL BAHR” МЧЖ, “RAVON TARAQQIYOT ORZUSI” МЧЖ, “Classika Shoes International” МЧЖ, “SITONI” каби кўплаб корхоналар фаол иштирок этди. Тожикистоннинг "Чарм", "Матин Чарм", "Аъзам” каби корхоналари билан савдо ва инвестициявий масалалар бўйича музокаралар олиб борилди.

Музокаралар якуни билан 5 млн 200 минг долларлик экспорт шартномалари имзоланди. Умумий экспорт келишувлари 12 млн долларни ташкил этди.

Шунингдек, Тожикистонлик ҳамкорларга биргаликда амалга ошириш бўйича қатор лойиҳалар тақдим этилди. Улар қаторида йилига 25 млн кв дм тайёр чарм ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги корхона лойиҳаси ҳам бор. Яна иккита лойиҳа эса қўшимча қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган. Мазкур лойиҳалар ҳаётга самарали жорий қилиниши билан йилига 100 минг жуфт пойабзал ва 40 минг дона сумка ва чемоданлар ишлаб чиқарила бошланади.