САНОАТ ЖУНИНИ ҚАЙТА ИШЛАШ ИСТИҚБОЛЛАРИ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

“Ўзчармсаноат” уюшмаси, Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон табиий толалар ИТИ, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, тармоқ корхоналари билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда сифатли саноат жунларини етиштириш ва қайта ишлаш истиқболлари: имкониятлар, муаммолар ва ечимлар” мавзуси юзасидан онлайн давра суҳбати ташкил этилди.

Онлайн мулоқотда бугунги кунда мамлакатимизда жун ва жун маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг ҳозирги ҳолати ва олдинда турган вазифалар юзасидан фикр юритилди.

“Ўзчармсаноат” уюшмаси соҳани ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида тақдимот ўтказди. Таъкидланганидек, бугунги кунда уюшмага аъзо 40 та корхона айнан жун ва жундан тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келади. Агар рақамларга назар ташласак аъзо корхоналар томонидан мўйна ва жун маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2018 йилда 28 минг тоннани ташкил этган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 35 минг тоннага етди. 2020 йилнинг шу даврига қадар 1 млн 19 минг АҚШ долларлик жун ва жун маҳсулотлари хорижга экспорт қилинган.

Шунингдек, “Ўзчармсаноат” уюшмасига аъзо қорхоналар томонидан озиқ-овқат, фармацевтика, тиббиёт саноати учун жун хом ашёсидан тайёр маҳсулотлар тайёрлаш борасида ҳам ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида жойлашган “Бойсун Лано” МЧЖ томонидан йилига 2000 тонна жунни қайта ишлаб, ундан тайёр “Ланолин” маҳсулотини олиш йўлга қўйилди. Корхонада ишлаб чиқариладиган “Ланолин” ички бозордаги фармацевтика ва косметика саноати компанияларини хом ашё билан таъминлабгина қолмай Россия Федерацияси ва Хитойга экспорт қилиниши режалаштирилган. Бундан ташқари Тошкент шаҳрида «MMM Amin Bio» МЧЖ каби желатин ишлаб чиқарувчи илк корхона иш бошлади. Корхонада йилига 1,5 минг тонна желатин ва коллаген олинади. Бугунги кунда дунёда желатинга бўлган талаб 200-300 минг тоннани ташкил этади. Шундан озиқ-овқат желатинига бўлган талаб 45-50 фоиздир.

Давра суҳбати давомида мўйна ва жун хом ашёсини кўпайтириш мақсадида жундор-гўштли наслдор қўйларни кўпайтириш борасида изланишлар олиб борилаётгани, бу борада хорижий тажриба ўрганилиб амалиётга тадбиқ этилаётгани қайд этилди.

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти профессор-ўқитувчилари айни кунда саноат жунини қайта ишлаш бўйича янги технологиялар ҳусусида иштирокчиларга маълумот беришди. Бундан ташқари олинган жунни қайта ишлаш, ювиш, рангизлантириш бўйича айни вақтда юзага келаётган масалалар юзасидан ўзаро тажриба алмашилди.

Давра суҳбати сўнгида мўйна ва жун маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича илм фан ва инновацияни уйғунлаштириш юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди. Жунни кайта ишлаш ва кўшилган қийматли маҳсулотларни саноат даражасида ишлаб чиқариш учун ички ва тармоқлараро кооперация алокаларни ривожлантириш учун йўналишлар аниқлаб олинди.