“БАРС” КОМПАНИЯСИ БИЛАН МУЗОКАРАЛАР НАВБАТДАГИ БОСҚИЧДА: МУҲОКАМАЛАРДАН АМАЛИЙ ХАРАКАТЛАРГА
“Ўзчармсаоат” уюшмаси раҳбарияти Ўзбекистон Республикаси делегацияси таркибида Татаристон Республикасига ташриф буюрди. Сафардан кўзланган мақсад – Татаристон Президенти Р.Миннихановнинг 2021 йил 16-17 июнь кунлари Ўзбекистонга ишчи ташрифи чоғида эришилган келишувларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишдир..
Қайд этиш керак, 2020 йил якуни билан Ўзбекистон ва Татаристон ўртасидаги ўзаро товар айрибошлаш ҳажми 156 млн. долларни ташкил этган. Бу пандемиядан олдинги даврга нисбатан 19,7% паст. Бугунги кунда ўзаро товар ва хизматлар ҳажми ва номенклатурасини ошириш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Истиқболли лойиҳалар қаторида чарм-пойабзал ва мўйначилик тармоғида қўшимча қувватларни яратиш йўналиши ҳам бор.
2021 йил 24-25 июнида Татаристон Республикасиниг Қозон ва Чистопол шаҳарларида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган бир қатор учрашувлар ва музокаралар ўтказилди. Хусусан, “Ўзчармсаноат” уюшмаси ва Россиядаги “Барс” компанияси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш мақсадида учрашувлар бўлиб ўтди. Музокаралар якуни билан икки ташкилот ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Маълумот ўрнида қайд этиш керакки, “Барс” компанияси Россиянинг энг йирик ишлаб чиқарувчиларидан бири саналади. Компания йилига 800 минг жуфт пойабзал тайёрлаш қувватига эга.
“Ўзчармсаноат” уюшмаси раҳбарияти Чистополь шаҳрида жойлашган “Барс” корхонасининг ишлаб чиқариш жараёнларини кўздан кечирди. Учрашув якунига кўра ушбу компания бош директори Максим Салаев Ўзбекистон билан ҳамкорликда янги қўшма корхона очиш ҳамда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган тайёр чарм ва пойабзал устки қисмларини сотиб олиш истагини билдириди. Шу билан бирга, Ўзбекистондаги таниқли ишлаб чиқарувчилардан ва Уюшма аъзоси бўлмиш “Peng Sheng Charm” ва “Orient Technology” каби маҳаллий корхоналар билан қўшма корхона ташкил қилиб, ушуб мақсадда мамлакатимизга 1,5 млн. долларлик инвестиция олиб кириш ташаббуси мазкур компания раҳбари томонидан ҳамкорликнинг яна бир йўналиш сифатида билдирилди.
Шунингдек, “Барс” компанияси ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланиш учун Ўзбекистондаги “Jizzax Jun” МЧЖ корхонасидан “войлок” маҳсулотини сотиб олишга тайёрлигини маълум қилди.
Мулоқотлар якуни билан яқин кунларда “Барс” компанияси вакилларидан иборат делегация Ўзбекистонга ташриф буюриши ва Уюшма томонидан қўшма корхона учун таклиф этилган ҳудудлар билан яқиндан танишиб чиқиш ҳамда лойиҳани ўзаро фаол ҳамкорликда амалга оширишга келишиб олинди.