June 26, 2021

ҚОЗОН. ҲАМКОРЛИК ЙЎНАЛИШИДА ЯНГИ КEЛИШУВЛАР

Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Татаристонга амалга оширган ташрифининг навбатдаги кунида ҳам «Ўзчармсаноат» уюшмаси раҳбарияти Татаристонлик корхоналар билан конструктив музокаралар ўтказди.

«Ўзчармсаноат» уюшмаси дастлаб, Қозон шаҳрида жойлашган “Милена” компанияси билан учрашув ўтказди.

“Милена” пойабзал фабрикаси қарийб 25 йилдан буён Татаристон Республикасида эркаклар, аёллар ва болалар учун хар хил турдаги пойабзал маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Маҳсулотлар Петропавловск, Камчатка, Сибир ва бошқа вилоятларга етказиб берилади.

Учрашувда, “Ўзчармсаноат” уюшмаси рахбарияти компания фабрикасига ташриф буюрди. Ишлаб чиқариш жараёнларини кўздан кечирди. Учрашув якуни билан компания бош директори Игорь Андреев маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун керак бўладиган хом ашё ва Татаристон Республикаси ҳудудларига тайёр пойабзал ва чарм-атторлик маҳсулотларини харид қилиш, компания маҳсулотларини “аутсорсинг” асосида ишлаб чиқариш ташаббусини илгари сурди.

Шу куннинг ўзида “Ўзчармсаноат” уюшмаси ва Татаристон Республикасининг "Эгида+" МЧЖ компанияси ўртасида чарм-пойабзал соҳаси учун поролон ишлаб чикариш лойихасини амалга ошириш бўйича музокаралар бўлиб ўтди.

Маълумот ўрнида қайд этиш керак, “Эгида+” компанияси Россия бозорида 1992 йилдан буён фаолият юритиб келади. Компаниянинг асосий фаолияти мослашувчан кўпикли полиуретан ва мебел матоларини ишлаб чиқариш, шунингдек, юмшоқ мебел, пойабзал ва чарм-атторлик маҳсулотлари саноати учун полеуретан ва хом ашё сотишни ўз ичига олади.

Ташриф натижаларига кўра “Эгида+” ва “Милена” компаниялари вакилларидан иборат делегация Ўзбекистонга ташриф буюради. Уюшмага аъзо корхоналар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида ҳудудлардаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишади. Музокаралар якунида соҳадаги ҳамкорликнинг келгуси истиқболлари батафсил муҳокама қилинди.