June 30, 2021

ИНВЕСТИЦИЯЛАР — ТАРАҚҚИЁТ КАФОЛАТИ

Давлат дастури — амалда

Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “Барқарор иқтисодий ўсишнинг энг муҳим гарови — рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, улар учун янги бозорлар топиш ва экспортни кўпайтириш, транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш ҳисобланади”, деб алоҳида таъкидлаб ўтган эдилар. Табиийки, мазкур стратегик вазифанинг бажарилиши бугунги кунда ҳар қандай тармоқ фаолиятининг негизини белгилайди, шу асосда истиқболли лойиҳаларга ҳам бемалол холис баҳо берилади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича яратиб берилаётган шароитлар ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари, шунингдек республикамиз инвестицион шароитларини мустаҳкамлаш, инвестицион муҳитни яхшилаш бўйича кўриб борилаётган чоралар натижасида соҳада бугунги кунда экспортбоп, сифатли, тайёр чарм-пойабзал, чарм-атторлик, мўйна, қоракўл ва жун маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари ва экспорт салоҳияти ортиб бормоқда.

Хусусан, бугунги кунга қадар чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш бўйича қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3 та қарори ва 1 та фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 3 та қарорлари, шунингдек тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган 10 дан ортиқ фармон ва қарорлар, шунингдек Инвестициялар ва экспортни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳукумат комиссиясининг жойларда тадбиркорлар билан юзма-юз учрашган ҳолда муаммоларнинг ечимини топиши натижасида чарм, мўйна ва жундан юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмлари ва уларнинг экспорт ҳажмлари ошди, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш жадаллашди, кундан-кунга соҳанинг экспорт географияси кенгайиб бормоқда.

Агар республикамизнинг чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида сўнгги беш йилда амалга оширилган инвестиция лойиҳаларига эътибор беридагин бўлсак соҳага жалб қилинган инвестицияларнинг умумий қиймати 446 млн долларни ташкил қилиб 2016 йил билан таққослаганда инвестициялар ҳажмининг ўсиш суръатлари 2021 йил якуни билан 13 баробарни ташкил этиши кутилмоқда.
Соҳага 2016 йилда атига 15,7 миллион долларлик инвестиция жалб этилган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилда коронавирус пандемияси бўлишига қарамай, 187,6 миллион долларга етди, 2021 йилда эса 202,0 миллион доллардан ошиши кутилаяпти. Бу лойиҳаларнинг асосий қисми ишлаб чиқаришни кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларга мўлжалланган қувватларни модернизация қилиш ҳамда техник қайта жиҳозлашни назарда тутади. Уларни ўз вақтида ва сифатли ишга туширилишини таъминлаш мақсадида Уюшма ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ходимлари билан биргаликда ташаббускорларга амалий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.

Умуман олганда жорий йилда инвестиция дастури доирасида 202 млн долларлик 112 та лойиҳалар ишга туширилиши таъминланади, бунда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 42 млн долларлик 29 та лойиҳалар ишга туширилиши ва 2215 та янги иш ўринлари яратилиши таъминланди.

Жумладан Қашқадарё вилоятида "Uz Shoes" МЧЖ қўшма корхонаси томонидан турли хилдаги пойабзаллар ишлаб чиқариш, Самарқандда "Euro Style Shoes" МЧЖ томонидан спорт оёқ кийимлари ишлаб чиқариш, Навоийда “Camelia Group” МЧЖ томонидан тайёр чарм ишлаб чиқариш, Фарғонада "Saha Wang Shoes" МЧЖ томонидан турли хилдаги пойабзаллар ишлаб чиқариш, "Shayx Masrur Biznes" МЧЖ томонидан тери хом-ашёсини қайта ишлаш, Бухорода "M.R.R. NEW STAR" МЧЖ томонидан пойабзал ишлаб чиқариш, Сирдарёда "Peng Sheng Charm" МЧЖ томонидан тайёр чарм ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва бошқа йирик лойиҳалар ишга туширилди. Бу ҳар бир вилоятнинг салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда, чарм-пойабзал тармоғида инвестицияларни ўзлаштириш, янги корхоналарни қуриш ва янги иш ўринларини яратиш борасидаги ишларнинг жадал суръатларда олиб борилаётганлигининг яна бир бор амалий ифодаси ҳисобланади.

Аслида бу каби вазифалар Президентимизнинг 2021 йил 3 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш юзасидан “Ўзчармсаноат” уюшмаси томонидан ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”да ўрин олган. Тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, 2021-2023 йилларда соҳада жами қиймати 421,0 миллион доллар бўлган 248 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш назарда тутилган.

Ривожланган давлатларнинг илғор тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, республикамизда ҳозирги кунда инвестиция лойиҳалар алоҳида уч босқичда амалга оширилиб келинмоқда. Биринчи, яъни, дастлабки босқичда лойиҳалар тўғрисида стратегик ахборот тўпланиб, уларнинг энг яхшиларини танлаш ва мумкин бўлган муқобил лойиҳаларга концептуал ечим топиш. У лойиҳалар бўйича якуний қарор қабул қилингунига қадар давом этади.

Иккинчи, яъни, лойиҳани амалга оширишнинг инвестиция босқичида оралиқ мониторингда унинг кутилган натижалари ва муваффақият кўрсаткичлари баҳоланади. Бу улар амалга оширилгунига қадар давом этадиган имплементация жараёнидир.

Учинчи босқич инвестициядан кейинги баҳолаш бўйича унинг мақсадли, лойиҳани амалга оширишнинг якуний натижаларини, унинг узоқ муддатли барқарорлигини ва муваффақиятини баҳолашдан иборат. Якуний босқич лойиҳанинг фойдали жиҳатларини қамраб оладиган жараённи ўз ичига олади.

Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида ҳам Давлат инвестиция дастури ҳамда ҳудудий дастурлардан жой олган ҳар бир лойиҳани амалга оширилиши мазкур жараёнларни “ўз бошидан ўтказиш”ни тақозо этади. Бу ўз навбатида, уларнинг муваффаққияти ва самарадорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Хусусан жорий йил Инвестиция дастурларидан ўрин олган лойиҳалар доирасида январь-июнь ойлари ҳолатига 47,5 миллион доллари миқдоридаги маблағлар ўзлаштирилиши кутилмоқда. Шундан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдори 17,0 миллион долларини ташкил этади.

Шу билан бирга мазкур Инвестиция дастури доирасида 34,1 миллион долларлик 4 та лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилиб тасдиқланди. Яна 4 та, қиймати 25,1 миллион долларлик истиқболли лойиҳанинг молиялаштириш манбалари аниқланди.

Умуман олганда, пандемия туфайли юзага келган қийинчиликларга қарамай, тизимда айни вақтда 112 та инвестиция лойиҳалари рўёбга чиқарилмоқда. Соҳани ривожлантириш дастурларида ҳам ана шу жиҳатлар кўзда тутилган.
Шу туфайли мамлакатимизда кейинги йилларда чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаси барқарор суръатларда ривожланмоқда. 2021 йилги режага кўра, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида маҳаллий пойабзал ва чарм-атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш миқдори бир неча баробарга кўпаяди. Жорий йил якуни билан фақат пойабзалнинг ўзи 115 миллион жуфтдан ортиқ миқдорда ишлаб чиқарилади. Таққослайдиган бўлсак, 2016 йилда бу кўрсаткич 10,2 миллион жуфтни ташкил қилган эди.

Бугунги кунда олдимизда маҳаллийлаштиришни таъминлаш, ички
ва тармоқлараро кооперацияни жадал ривожлантириш, маҳсулот сифатини яхшилашга қаратилган бир қатор устувор вазифалар турибди. Агар рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2016 йилда бу борада атига 2,8 миллион долларлик ишлар амалга оширилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 42 миллион долларни ташкил этган, бу йил эса, яна икки миллион долларга ошириш кўзланяпти. Кенг кўламли дастурлар ижроси туфайли сунъий чарм ва полиуретан ишлаб чиқаришда маҳаллийлаштириш даражаси 60 фоизга, пойабзал таглиги тайёрлашда - 65 фоизга, спорт товарлари бўйича - 95 фоизга, спорт сумкалари ва чамадонлари бўйича - 60 фоизга етказилди.

Бундан ташқари, маҳаллий тадбиркорлик субъектлари томонидан желатин, коллаген, полиуретан, ПВХ, сунъий чарм, гранитоль, пойабзал картони, термоэластоплат, фурнитура, пойабзал учун калава ип сингари янги маҳсулот турлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Натижада чарм пойабзал маҳсулотлари рақобатбардошлиги ва экологик кўрсаткичлари кескин ошди. Ушбу лойиҳаларда янги инновацион технологиялар қўлланиши натижасида соҳада ПВХ дан турли пойабзаллар ва ёрдамчи материаллар ишлаб чиқарила бошланди ва чиқитсиз қайта ишлаш технологиялари жорий этилди, шу жумладан олдин ташлаб юборилган эски ПВХ пойабзаллар қайтадан ишлаб чиқариш жараёнларига қайтарилмоқда. Экологияни асраш мақсадида республикамизда кўп миқдорда чиқит сифатида ҳосил бўладиган ПЭТ идишларни инновацион қайта ишлаш натижасида суньий чарм, гранитоль, пойабзал картони, пэт тасма, гиламлар ва бошқа маҳсулотларни маҳаллийлаштириш ўзлаштирилди. Жунни қайта ишлаш натижасида намат, кигиз, калава ип, пойабзал учун ички таглик (стелька), устки материаллар ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилди.

“Ўзчармсаноат” уюшмаси томонидан давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида ишлаб чиқилган стратегия тизимли равишда рўёбга чиқарилмоқда. Мазкур стратегия Ўзбекистонни тайёр чарм-пойабзал, чарм-атторлик, мўйнали ва қоракўл териси маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича саноат “драйвери”га айлантириш, бутун Марказий Осиёдаги хом-ашёни чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотни эса нафақат қўшни республикаларга, балки узоқ хориж мамлакатларига ҳам экспорт қилишни кўзда тутади.
Ўзбекистонда чарм-пойабзал саноатининг барқарор ривожи ва инвестицион муҳит халқаро брендларни ҳам юртимизга кенг жалб этмоқда. Мисол учун дунёга машҳур “Кари” бренди Ўзбекистонда яқин истиқболда ўз бренди билан пойабзал ишлаб чиқаришни бошлайди. Бугунги кунда 1500 та савдо тармоғига эга ушбу компания йилига 50-60 миллион жуфт пойабзални харидорларга етказиб беради. Айни вақтда корхона учун Жиззах шаҳар эркин иқтисодий зонасида қурилиш ишларини бошлаш режалаштирилган.

Истеъмолчиларнинг диди тоборо ўсиб бораяпти, пойабзал танлашда янада қаттиқроқ талабларни қўймоқда. Энг аввало сифат ва нарх уйғунлиги бунда жуда муҳим. Тўрт йил олдин асосан хориж пойабзалларига талаб юқори бўлган бўлса, ҳозирга келиб мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларига катта ишонч билдирилмоқда. Бу эса маҳаллий тадбиркорларимиз зиммасига янада катта маъсулият юклаяпти. Жумладан, нафақат мамлакатимизда балки хорижда ҳам машҳур бўлган “KFK”, “Sitonni”, “Excel” ва “Edgart” каби брендлар эътиборни энг нозик дид эгаларига ҳам маъқул келадиган сифатли пойабзал турларини кўпайтиришга қаратмоқда. “Ўзчармсаноат” уюшмаси томонидан давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида ишлаб чиқилган стратегия тизимли равишда рўёбга чиқарилмоқда. Мазкур стратегия Ўзбекистонни тайёр чарм-пойабзал, чарм-атторлик, мўйнали ва қоракўл териси маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича саноат “драйвери”га айлантириш, бутун Марказий Осиёдаги хом-ашёни чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотни эса нафақат қўшни республикаларга, балки узоқ хориж мамлакатларига ҳам экспорт қилишни кўзда тутади.

Уюшма ва унинг таркибидаги корхоналар билан биргаликда ҳар йили хорижий давлатларда ўтказиладиган “Aymod”, “Aysaf”, “China International Export & Import”, “APLF Leather & Materials”, “MICAM Milano International Footwear Exhibition”, “Linipelli”, “Pure London”, “India International Leather Fair”, “Mosshoes”, “Shoes Star-Asia”, “Биот”, “Мягкое золото” ва бошқа бир қатор Халқаро чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларига мўлжалланган кўргазмаларда муносиб иштирок этиб келинмоқда.
Мазкур Халқаро кўргазмалар доирасида муносиб иштирок этиш орқали чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳасида фаолият юритиб келаётган корхоналар томонидан бар қатор савдо шартномалари имзоланиб ўз вақтида маҳсулотлар экспорти амалга ошириб келинмоқда (Мисол учун, Хитой Халқ Республикаси билан 50,0 млн АҚШ долл., Туркия билан – 11,2 млн.АҚШ долл., Россия билан – 20,5 млн. АҚШ долл., Италия билан – 8,5 млн. АҚШ долл., Партугалия билан – 12,0 млн. АҚШ долл., МДХ давлатлари билан қарийб 45,0 млн. АҚШ доллар қийматида).

Шу билан бирга, “Angren Charm Invest” МЧЖ ва Италиянинг “Antonio Cuture” компанияси, “Nafis Charm” МЧЖ ХКИ ва Португалиянинг “CURTUMES IBERIA S.,A.” компанияси ўртасида Европа бозорига ўзбек чармини етказиб бериш бўйича эксклюзив экспорт шартномалари тузилган бўлиб бугунги кунда шартномаларга муврфиқ чарм маҳсулотлари Европага етказиб берилмоқда.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Экспортни рағбатлантириш агентлиги билан биргаликда чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида фаолият юритаётган корхоналарнинг жорий йилда хорижий давлатларда бўлиб ўтадиган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда муносиб иштирок этишлари учун услубий ва амалий ёрдамлар бериб келинмоқда.

Жумладан, жорий йил биринчи ярим йиллигида маҳаллий корхоналар Россиянинг Москва ва бошқа йирик шаҳарларида, шунингдек Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида ўтказилган “Made in Uzbekistan”, Туркиянинг Истамбул шаҳрида ташкил этилган “Aymod” ва “Aysaf” халқаро кўргазмаларида иштирок этиб, бир қатор савдо шартномалари имзоланди.

Жорий йилнинг якунига қадар Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида ўтказиладиган “Pure London” тўқимачилик ва саноат халқаро кўргазмасида, Хитойнинг Шанхай шаҳрида ўтказиладиган “China International Export & Import-2021”, Италиянинг “MICAM Milano 2021 - International Footwear Exhibition ва “Linipelli”, Россиянинг “Mosshoes” ва “Безопасность и Охрана Труда” ва бошқа бир қатор кўргазмаларида иштирок этиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 8 февралдаги “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, “Multibrand” дўконларини республика ҳудудларида ва хорижда ташкил этиш ҳамда унинг электрон савдо платформасини яратиш устидаги ишлар давом эттириляпти.

Сўнги йиллар давомида чарм-пойабзал маҳсулотлари экспорт географиясини кенгайтириш бўйича Уюшма тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари билан биргаликда бир қатор ишлар олиб борилмоқда. 2016 йилда 12 давлатга маҳсулотлар экспортга йўналтирилган бўлса ушбу кўрсаткич 2021 йилда 40 та давлатга етиши режалаштирилган.
Жорий йил 1-ярим йиллиги билан 30 та давлатга маҳаллий маҳсулотлар экспорти амалга оширилди ҳамда бу йилда соҳанинг экспорт географиясига Австрия, Ливан, Германия, Миср каби давлатлар қўшилди.

Президентимиз раислигида 24 июнь куни ўтказилган инвестиция
ва экспорт соҳаларидаги ишлар натижадорлиги, йил якунигача амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида бошқа тармоқлар қатори чарм-пойабзал соҳасидаги лойиҳаларни ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан бир қатор муҳим топшириқлар берилди.

Хусусан 2021-2022 йилларда чарм-пойабзал соҳасида 421 миллион долларлик, шундан 197 млн доллари тўғридан-тўғри ҳорижий инвестициялар бўлган 248 та лойиҳани якунига етказиш бўйича топшириқлар берилди.
Президентимиз юқорида инвестицияларни амалга оширишда асосийси унинг натижадорлиги асосий меъзон бўлиши яъни хом ашёни чуқур қайта ишлаш ва янги иш ўринларини яратишга эътибор бериш кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Шу муносабат билан чарм-пойабзал соҳасида ҳам инвестицияларни амалга оширишда ушбу меъзонларга асосий эътибор қаратилади ва жорий йил якуни билан хом ашёни чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли махсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган 202 млн долларлик 112 та лойиҳалар ишга туширилиши натижасида 11200 та янги иш ўринлари яратилади ва 2021 йил якуни билан:

  • чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1 617,5 млн. кв.дм (ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан 110,8 фоиз);
  • пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш 115,4 млн.жуфтга (ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан 108,7 фоиз);
  • чарм-атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш 102,0 млрд.сўмга (ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан 110,0 фоиз) етказиш таъминланади.
  • экспорт ҳажми 420,0 млн. долларга етказилади (ўсиш суръати 2020 йилга нисбатан 104,2 фоизни ташкил этади).

Шу билан бирга Президентимиз ҳудудларни имкониятлари ва салоҳиятидан келиб чиқиб, шунингдек ҳудудларда маҳаллий саноатни янада ривожлантириш мақсадида республикамизнинг 10 та шаҳар ва туманларида чарм-пойабзал йўналишига ихтисослашган кичик саноат зоналарини ташкил қилиш юзасидан топшириқ бердилар.

Бу йўналишда ҳам “Ўзчармсаноат” уюшмаси Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд, Жиззах ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари билан 250 тадан ортиқ умумий қиймати 580 млн долларлик истиқболли инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ишлар бошланди, натижада 20 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Инвестиция - бу иқтисодиёт драйвери, бошқача айтганда, иқтисодиётнинг юраги сифатида талқин этилиши бежиз эмас. Давлат дастурида белгиланган инвестициявий лойиҳаларнинг сифатли ва ўз муддатида ижро этилиши мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ва мустаҳкам ишлашини таъминлайди, унинг тармоқ ва ҳудудлардаги қон томири мезонларда “уриб туриши”га шароит яратади. Соғлом ва ривожланган иқтисодиёт фаравон турмушимиз кафолати бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.

Фахриддин БОБОЕВ, “Ўзчармсаноат” уюшмаси бошқаруви раиси