PLANET INDUSTRY: “ЎЗБЕКИСТОН ҚУЛАЙ БИЗНЕС МАЙДОНИГА АЙЛАНГАН”
“Ўзчармсаноат” уюшмасида Италиянинг “Planet Industry” компанияси вакили билан икки мамлакат ўртасида чарм-пойабзал соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остидаги миллий маҳсулотларимизни Европа бозорига йўналтиришнинг янги истиқболлари муҳокамасига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот ўрнида қайд этиш керакки, “Planet Industry” ўзининг салмоқли салоҳияти, шу жумладан, узоқ йиллик тажрибага, жуда катта малакага эга техник ходимлари билан шу кунга қадар Марказий Африка, Форс кўрфази мамлакатлари, шунингдек, Осиёнинг бошқа давлатларида саноатнинг чарм-пойабзал йўналишида халқаро ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда. Шунингдек, табиий чармдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт қилишда ўз ҳамкорларига кўмаклашиб келади.
Учрашувда Италия компаниясига бугунги кунда Ўзбекистонда хорижий инвесторларга яратилган шарт-шароитлар, давлат томонидан берилаётган имтиёз ва преференциялар, республикамизнинг инвестиция ва экспорт салоҳияти тўғрисида батафсил маълумот берилди.
“Planet Industry” компанияси таъсисчиси Дориано Адами республикамиз вилоятларида бўлиб, чарм-пойабзал корхоналари фаолияти, маҳсулотлар сифати билан яқиндан танишган. Хусусан, “Nafis-Charm”, “Peng Sheng”, “Orient Tehnology” каби корхоналарга ташриф буюриб, терини қайта ишлаш жараёнларини бевосита кузатди. Шунингдек, фермер хўжаликларида, йирик ва майда шохли қорамолни сўйишга ихтисослаштирилган кушхоналарда бўлди.
Учрашувда компания раҳбари Ўзбекистонда айнан чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш ва инвесторларни қўллаб-қувватлашга қаратилган стратегияни алоҳида ижобий таъкидлаб, Ўзбекистонда Италия технологиясига асосланган янги қўшма корхона очиш ниятида эканлигини билдирди. Янги корхона терини қайта ишлашдан тортиб то тайёр пойабзал ишлаб чиқаришгача бўлган барча жараёнларни ўз ичига олади.
Янги қўшма корхонада тайёрланадиган тайёр чарм тўлиқ шу корхонанинг ўзида тайёр маҳсулот холига келтирилади. Тайёр пойабзаллар эса ташқи бозорга, асосан Италия ва Европа бозорларига экспорт қилишга йўналтирилади.
Шунингдек, Дориано Адами ҳудудлардаги мавжуд корхоналарда маҳсулот ишлаб чиқаришга мўлжалланган Италия линияларини барпо этишга ҳам қизиқиш билдирди.
Учрашув сўнгида янги қўшма корхонани ташкил этиш бўйича ташкилий масалалар, ҳамкорликнинг келгусидаги истиқболлари муҳокама этилди.