ЎЗБЕКИСТОН ЧАРМ-ПОЙАБЗАЛ МАҲСУЛОТЛАРИ ШАРҚИЙ ОСИЁГА ВА ТАЙЛАНДГА ЙЎЛ ОЛАДИ
“Ўзчармсаноат” уюшмаси ҳамда Жанубий Кореянинг “JnK Glonet” компанияси Бош директори Ким Де Ёл билан ҳамкорликда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган чарм-пойабзал маҳсулотларининг экспортини амалга ошириш юзасидан учрашув бўлиб ўтди.
Ўз навбатида учрашувда “Ўзчармсаноат” уюшмаси томонидан хорижий сармоядорларга бугунги кунда Ўзбекистонда чарм-пойабзал саноатини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди. Соҳада фаолият кўрсатаётган корхоналар, улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ҳусусида тақдимот ўтказилди. Шунингдек, хорижий инвесторларни қўллаб-қувватлашга қаратилган имкониятлар ҳақида маълумот берилди.
Мулоқот давомида “JnK Glonet” компанияси Бош директори Ким Де Ёл мамлакатимиздаги бир неча ишлаб чиқариш қувватлари объектларида бўлиб, жараёнларни бевосита кузатганлигини, маҳсулотларнинг сифати дунё стандартларига мос тарзда тайёрланаётганини қайд этди.
Шунингдек, хорижлик инвестор Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган чарм-пойабзал маҳсулотларини Жанубий Корея, Япония, Таиландга экспорт қилиш бўйича ташаббус билан чиқди. Айни вақтда бу борадаги ишларни амалга ошириш бўйича дастлабки қадамлар ташланган. Ҳусусан, “JnK Glonet” Фарғона вилоятида жойлашган “Premium Leаther” МЧЖ билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. “Premium Leаther” да ишлаб чиқарилган чарм, пойабзал ва чарм-атторлик намуналари Жанубий Кореяга жўнатилган. Намуналар айни вақтда сифат назоратидан ўтказилмоқда. Маҳсулотлар Корея бозорига мақул деб топилса, тез фурсатда “Premium Leаther” МЧЖ маҳсулотлари Жанубий Корея, Япония, Таиландга йўл олади.
Учрашувда инвестор Ўзбекистонда желатин ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги корхона очиш истагида эканлигини билдирди. Қайд этиш керак, ҳозирги кунда дунёда желатинга бўлган талаб ортиб бормоқда. “Ўзчармсаноат” уюшмаси раҳбарияти янги корхонани очиш бўйича амалий кўмак кўрсатишга тайёр эканлигини билдириб ўтди. Очилиши режалаштирлаётган янги корхонада тайёрланадиган желатин маҳсулотини нафақат Марказий Осиё бозорига, балки Жанубий-Шарқий Осиё, Америка, Европага ҳам экспорт қилиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, учрашувда махсус пойабзаллар экспортини амалга ошириш масаласида ҳам томонлар муҳокама ўтказдилар. “JnK Glonet” мамлакатимизда бу турдаги пойабзал ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг фаолияти ва маҳсулотлар сифати билан яқиндан танишиш мақсадида ишлаб чиқариш қувватларига ташриф буюради.
Учрашув сўнгида ҳамкорликнинг келгуси истиқболларига оид ташкилий масалалар кўриб чиқилди.