May 24, 2022

МАШҲУР ФРАНЦУЗ БРЕНДИ “MEPHISTO” ЎЗБЕКИСТОН БИЛАН ҲАМКОРЛИК ҚИЛАДИ

“UzCharmExpo-2022” 12-халқаро кўргазма-ярмаркаси арафасида “Ўзчармсаноат” уюшмаси раҳбарияти Франциядаги “Mephisto” компаниясининг савдо директори Семен Мостовой билан учрашди.

Маълумот ўрнида келтири ўтиш мумкинки, 2022 йил 25-27 май кунларида Тошкентда бўлиб ўтадиган “UzCharmExpo-2022” кўргазмасида Франциянинг бир нечта машҳур брендлари ва компаниялари ҳам ўз маҳсулотлари билан иштирок этади.

Учрашувда томонлар икки томонлама алоқаларни йўлга қўйиш, Европа иттифоқи, хусусан, Франция бозорига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган чарм-пойабзал маҳсулотларини етказиб бериш масаласини атрофлича муҳокама қилишди. Шунингдек, икки мамлакат компаниялари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаган холда қўшма корхоналарни ташкил этиш бўйича фикр алмашилди.

Мулоқот чоғида Уюшма томонидан Франция компаниясига мамлакатимизда чарм-пойабзал ва мўйначилик саноатини янада ривожлантириш борасида давлат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар, қонунчилик базаси, хорижий сармоядорларга яратилган шароитлар, солиқ ва божхона имтиёзлари, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳияти, хом ашё базаси тўғрисида атрофлича маълумот тақдим этилди.

Ўз ўрнида “Mephisto” компаниясининг савдо директори сўнгги йилларда Ўзбекистонда чарм-пойабзал соҳасидаги ислоҳотлар ва янгиланишлар, ишлаб чиқариш салоҳиятини ортиши маҳаллий маҳсулотларимизнинг хорижга экспортини кенгаяётганлигида асосий омил бўлганини қайд этди.

Маълумот учун: “Mephisto” дунё чарм-пойабзал бозорида 50 йиллик муваффақиятли тажрибага эга компаниядир. Хитой, АҚШ, Канада, Европа мамлакатларида “Mephisto” бренди остида 900 га яқин дўконлар мавжуд. Компаниянинг бренд портфелига 5 та: Mephisto, Originals, Mobil, Sano, Allrounder пойабзал моделлари киради. Пойабзаллар Франциядаги заводда ишлаб чиқарилади.

Эндиликда француз бренди Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, пойабзал ишлаб чиқаришга ихтисослашган қўшма корхоналарни очишга, табиий чарм маҳсулотларини харид қилишга катта қизиқиш билдирмоқда. Уюшма раҳбарияти бу ташаббуслари тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Учрашув сўнгида ушбу ташаббусларни қисқа фурсатда амалга ошириш мақсадида “UzCharmExpo-2022” 12-халқаро кўргазма-ярмаркаси доирасида маҳаллий корхоналар билан B2B учрашувлар ташкил этишга келишиб олинди.