ЎЗБЕКИСТОНДА МАРКАЗИЙ ЧАРМ ТАДҚИҚОТИ ИНСТИТУТИ ОЧИЛАДИ
“Ўзчармсаноат” уюшмаси делегацияси Ҳиндистонга амалга оширган бизнес миссияси доирасида CSIR – марказий чарм тадқиқоти институтида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича музокара бўлиб ўтди. CSIR яқин кунларда Ўзбекистонда ўзининг янги илмий-тадқиқот институтини очишга қарор қилди.
CSIR – терини қайта ишлаш соҳасида илмий тадқиқотлар ва ишланмалар базасини ўзида жамлаган тармоқ ташкилотидир. Ташкиот таркибида 37 та миллий лаборатория, 39 та ахборот-тадқиқот маркази, 3 та инновацион мажмуа мавжуд. Бу ерда қарийб 3500 нафар олим янги ишланмалар устида ўз фаолиятини олиб боради. Дунёдаги глобал институтлар орасида қирқ олтинчи, Осиёда биринчи ўринда бўлган ташкилот навбатдаги илмий-тадқиқот марказини Ўзбекистонда очишни режалаштирмоқда.
CSIRнинг Ўзбекистондаги фаолияти нима беради?
Мазкур ташкилотга қарашли бўлган навбатдаги марказнинг айнан мамлакатимизда очилиши энг аввало маҳаллий корхоналаримиз бу йўналишдаги инновацион ишланмалар билан яқиндан танишиш, ўз фаолиятлари учун зарур техник янгиликларни олиш имкониятига эга бўладилар. Шунингдек, янги марказ нафақат Ўзбекистон корхоналарига хизмат кўрсатиш имконини беради, балки Марказий Осиё ва МДҲ давлатларининг терини қайта ишлаш корхоналари ҳам Ўзбекистонда жойлашган марказ орқали илмий-тадқиқот хизматларидан, лаборатория текширувлари натижаларидан фойдаланиш ҳамда ва глобал даражадаги патентларни олиш имкониятларига эга бўлади. Бу ўз навбатида мамлакатимиз чарм саноатига илм-фан ютуқлари ва инновацияларни жорий қилишга хизмат қилади.
Ўзбек чарм-пойабзалчилари Ҳиндистоннинг саноат пойтахтида
Ҳиндистонинг саноат пойтахти – Канпурда “Ўзчармсаноат” уюшмаси делегацияси терини қайта ишловчи йирик заводлар, компаниялар вакиллари билан мулоқотларга киришди.
Маълумот ўрнида қайд этиш керакки, Канпур Ҳиндистоннинг йирик иқтисодий шаҳарларидан бири бўлиб, дунёдаги терини қайта ишловчи компаниялар маркази саналади. Мамлакат чарм савдосининг 30% улуши ҳам айнан ушбу шаҳарга тўғри келади. Канпур шаҳри ичидаги Жажмау ҳудудининг ўзида хом теридан тортиб аксарият қисми экспортга йўналтириладиган тайёр, “финиш” даражасидаги маҳсулотгача қайта ишловчи 300 та корхона фаолият юритиб келади.
Бугунги кунда Канпур шаҳрида чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 932 та компаниялар мавжуд бўлиб, маҳсулотлар таниқли ва сифатли ҳисобланганлиги сабабли кўплаб хорижий давлатлар томонидан юқори талабга эга.
Мамлакатимиз делегацияси аъзолари Канпурда жойлашган “Penza Exports” компанияси билан муокаралар ўтказди. Мулоқотда компания вакиллари мебелсозлик ва автомобилсозлик учун зарур бўлган қўтос (буйвол) терисининг иккиламчи қайта ишланган “wet-blue” шакли Ўзбекистондан харид қилинишини мақсад ўрнида белгилаётганлигини маълум қилди. Бу борада маҳаллий корхоналар билан мулоқотлар ўтказилиши бўйича келишиб олинди.
Маълумот ўрнида қайд этиш керак, “Penza Group” компаниясига 1990 йилда асос солинган. Дастлабки фаолиятини Ҳиндистоннинг маҳаллий корхоналари учун қорамол терисидан “wet-blue” олиш бўйича бошлаган. Йиллар ўтгач, компанияда иккиламчи қайта ишланган терини тайёр маҳсулотга айлантириш ва ундан чарм-атторлик маҳсулотларини олиш бўйича ишлар бошланади. Секин-асталик билан халқаро бозорга чиқишни мақсад қилган компания автомобилсозлик ва мебелсозлик учун тайёр чарм экспортини 2004 йилдан бошлаб Жанубий Кореяга экспорт қилишни бошлайди. 2006 йилдан бошлаб компаниянинг чарм маҳсулотларига Италия ҳам қизиқиш билдиради. Бугунги кунда “Penza Group” дунёда тайёр чарм етказиб берувчилар рейтингида энг юқори ўринда туради. Компанияда йилига 3,5-4 млн. метр квадрат тайёр чарм ишлаб чиқарилади. Кластер тизимида ўз фаолиятини олиб борадиган бу корхонада терини қайта ишлашдан тортиб то тайёр маҳсулотларгача бўлган жараёнлар шу жойнинг ўзида амалга оширилади. Бугунги кунда компанияда айнан “wet-blue” шаклидаги ярим тайёр чармларга талаб юқори. Шу боис бу йўналишда ишлаб чиқариш учун имкониятлар катта бўлган мамлакат – Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишни мақсад қилган. Бу эса республикамизнинг экспорт салоҳиятига сезиларли таъсир кўрсатади.
Навбатдаги мулоқот мавзуси сифатида юртимиз корхоналарига малакали мутахассисларни тайёрлаш масаласи кўриб чиқилди. “Ўзчармсаноат” уюшмаси делегацияси “EAST WEST TANNERS” компанияси билан бўлиб ўтган учрашувда илмий лабораториялар, шунингдек, мамлакатимизда айнан чарм саноати соҳасида махсус таълим муассасасини ташкил этиш бўйича ҳам фикр алмашилди. Компания раҳбарининг сўзларига кўра, “Covid-19” пандемияси туфайли бу ишлар ортга сурилган эди, бироқ айни дамларда бу ишларни олдинга силжитиш учун имконият етарли.
“EAST WEST TANNERS” – жаҳон стандартларини ўз ичига олган чарм-атторлик буюмлари ва аксессуарлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Бугунги кунда Ҳиндистоннинг чарм-пойабзал соҳасида экспортга йўналтирилган маҳсулотлар аксари айнан шу корхонада тайёрланади. Компания фаолиятида хом ашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган барчаси талаб этилган стандартларга тўлиқ мос келади, шу ва бошқа сабабларга кўра у Европа ва Америка бозорида муайян даражада етакчилик қилиб келмоқда.
“EAST WEST GROUP” etnik va tendentsiyaga ega bo'lgan jahon darajasidagi ot sporti aksessuarlarini loyihalash va ishlab chiqish bo'yicha tajribaga ega bo'lgan holda tashkil etilgan. Kompaniyaning asosiy maqsadi Hindistondagi eksportga yo'naltirilgan birliklarga xizmat ko'rsatish edi. Talabning tez o'sishi bilan doimiy yuksalish doimiy jarayonga aylandi.
“HOMERA TANNING INDUSTRIES” компанияси Ўзбекистонда янги қўшма корхонани очиш бўйича ўз ташаббусини илгари сурди. Мулоқот чоғида қайд этилганидек, мамлакатимизда бугунги кунда хорижий сармоядорларга берилаётган имконият ва имтиёзлар янги лойиҳаларни самарали йўлга қўйиш учун хизмат қилади.
“HOMERA TANNING INDUSTRIES” компанияси Канпурдаги йирик кластер корхонасидир. Бу ерда 6 та чармни қайта ишлаш заводи, 3 та маҳсулот ишлаб чиқариш корхонаси, логистика маркази мавжуд. Кластерда 900 дан ортиқ ишчи меҳнат қилади. 35 йиллик тарих оралиғида компания Ҳиндистонинг энг йирик кластер корхонасига айланди. Жаҳон брендларининг автомобилсозлиги, мебелсозлиги, мода ва хавфсизлик соҳалари учун тайёр чарм етказиб беради. Шунингдек, дунё бозорига ўзининг кенг ассортиментдаги пойабзал, чарм-атторлик буюмларини етказиб беради.
Компания муваффаққиятининг асосий сабаби сифатида у кластер тизимида, яъни “чарм тайёрлаш+маҳсулот ишлаб чиқариш+етказиб бериш” тизимида ишлаши омилини кўрсатиб ўтиш. Бу эса маҳсулотнинг таннархи арзонлашувига олиб келади, натижада дунёда компания маҳсулотларига бўлган талаб ортиб бормоқда. Бугун “Homera Tanning Industries” жаҳоннинг аксессуарларга бўлган талабини муайян даражада қондириш имконига эга.
Ҳиндистон капитали асосида яна бир корхона мамлакатимизда ўз фаолиятини бошлайди. “Ўзчармсанот” уюшмаси делегациясининг навбатдаги манфаатли мулоқоти “CLE” компанияси билан бўлиб ўтди. Учрашувда ҳинд компанияси раҳбари Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишдан мамнун эканлигини ва бизнес учун қулай бўлган бу каби мамлакатга ўз сармоясини киритишга тайёр эканлигини маълум қилди.
Чарм экспорт кенгаши (CLE) Ҳиндистон чарм ва чарм маҳсулотлари саноатининг тез ривожланаётган ва энг йирик ташкилотидир. Кенгаш мамлакат чарм корхоналарини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун фаолиятини олиб боради. CLE сабабли ҳам Ҳиндистоннинг глобал тери савдосидаги улуши йилдан йилга орти бормоқда. Қувонарлиси шуки, CLE Ўзбекистон билан манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш бўйича дастлабки ишларни бошлади.
“Ўзчармсаноат” уюшмаси делегациясининг Ҳиндистонга амалга оширган бизнес миссияси самарали мулоқотлар, янги ҳамкорлар топиш ва энг асосийси Ўзбекистоннинг чарм-пойабзал соҳасидаги салоҳиятини дунё жамоатчилигига, хусусан, етакчи компаниялар эътиборига намойиш қилиш учун қулай платформа бўлиб хизмат қилди.