ЧАРМ-ПОЙАБЗАЛ ТАРМОҒИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ҲАЖМИ ОШДИ
Жорий йилнинг 26 июнь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг 16-ялпи мажлисида “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиришлар киритилди. Йиғилишда қайд этилганидек, жорий йилнинг ўтган даврида қабул қилинган қарорлар ижроси, устувор вазифалар ва тасдиқланган дастурларнинг бажарилиши қўшимча маблағ манбаларини талаб қилмоқда.
Қонунга қиритилган ўзгартиришларга асосан Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси харажатлари учун қўшимча 6,4 триллион сўм ажратилди (аввал 13,4 триллион сўм, ҳозирда 19,8 триллион сўм). Ушбу ажратилган маблағлардан 550 миллиард сўмини тайёр чарм маҳсулотлар, чарм-атторлик буюмлари, шунингдек, мўйна ва жундан юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳалар учун ажратиладиган кредит линияларини молиялаштиришга йўналтириш режалаштирилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси – иқтисодиётнинг етакчи, дастлабки ўринда базавий тармоқларни модернизация қилиш ва техник қайта жиҳозлаш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, шунингдек, таркибий ва сармоявий сиёсатни амалга оширишга амалий кўмак кўрасатади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 февралдаги ПҚ-4982-сонли “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан очилган кредит линияларининг танланмаган маблағлари ҳисобидан Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан 2021-2022 йилларда чармдан тайёр маҳсулотлар, чарм-атторлик, шунингдек, мўйна ва жундан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш учун умумий қиймати 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит линияларини устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган тижорат банкларида очиш белгилаб қўйилган.
Кредитлар тадбиркорлик субъектларига замонавий янги ускуна ва технологияларни харид қилиш учун 2 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 7 йил муддатгача, йиллик 6 фоиз ставкада ажратилади.
Мазкур кредитни олиш учун тадбиркорлик субъектлари “Ўзчармсаноат” уюшмаси илмий-техник кенгашининг хулосасини олишлари лозим бўлади. Илмий-техник кенгаш янги ишлаб чиқариш қувватларини қуриш, мавжуд корхоналарни реконструкция ва модернизация қилиш учун қаратилган инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосларини (бизнес-режа) экспертизадан ўтказади ва хулосалар беради. Шунингдек, лойиҳаларни замонавий талабларга жавоб беришини, хом ашё билан боғлиқ бўлган техник ва технологик ечимларини баҳолайди.