РОССИЯНИНГ “БАРС” ПОЙАБЗАЛ КОМПАНИЯСИ ЎЗБЕКИСТОНДА ҚЎШМА КОРХОНА ОЧИШ ИСТАГИДА
Татаристон Республикаси Президенти ва у бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи доирасида бўлиб ўтган бизнес-форумда Ўзбекистон ва Россия ўртасида чарм-пойабзал ва мўйначилик тармоғидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам кун тартибида бўлди.
Хусусан, “Ўзчармсаноат” уюшмаси ва унга аъзо корхоналар ҳамда Россиянинг пойабзал ишлаб чиқариш соҳасидаги “Барс” компанияси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича қатор учрашувлар бўлиб ўтди.
Маълумот ўрнида қайд этиш керакки, “Барс” компанияси Россиянинг энг йирик ишлаб чиқарувчиларидан бири саналади. Асосан табиий чарм, ЭВА ва ПВХдан махсус пойабзаллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Компания йилига 800 минг жуфт ана шундай пойабзалларни тайёрлаш қувватига эга.
Компания бош директори Максим Салаев Ўзбекистон билан ҳамкорликда янги қўшма корхона очиш ҳамда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган тайёр чарм ва пойабзал устки қисмларини сотиб олиш (яъни, мамлакатимиз субъектлари томонидан экспорт қилиниши) мақсадида “Ўзчармсаноат” уюшмасига аъзо корхоналарда бўлиб, улар билан музокаралар ўтказди.
Жумладан, компания бош директори “Orient Technology” МЧЖ, “Peng Sheng” МЧЖ, “Comfort Leather Shoes” МЧЖ, “Goʻzal Biznes” ХКларида бўлиб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати, ўрнатилган ускуна ва жиҳозлар билан яқиндан танишди. Мулоқотларда тайёр табиий чармни республикамиздан экспорт қилиниши ва корхоналар ҳудудида пойабзал устки қисмларини тайёрлашга йўналтирилган янги корхона очилиши бўйича мулоқотлар ўтказилди. Музокараларда мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан манфаатли таклифлар ўртага ташланди.
Бизнес-форумда бўлиб ўтган музокаралар ва корхоналарга амалга оширилган ташриф якунлари бўйича Уюшма раҳбарияти билан ҳамкорликнинг келгуси истиқболлари муҳокама этилди.
Учрашувда Россия компаниясига Ўзбекистонда хорижий сармоядорлар учун яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, инвестициявий салоҳият, экспорт кўрсаткичлари тўғрисида батафсил маъумлот тақдим этилди.
“Барс” компанияси бош дирктори ўз навбатида мамлакатимиздаги корхоналар фаолияти ва уларда тайёрланаётган маҳсулотлар сифатини юқори баҳолаб, янги қўшма корхона очиш ташаббусини илгари сурди. Шунингдек, тайёр чарм ишлаб чиқарувчилардан тайёр чарм Россияга экспорт қилинишида иштирок этиш истаги борлигини билдирди.
Россия компанияси раҳбарининг сўзларига кўра, янги барпо этиладиган корхонада асосан махсус пойабзалларнинг устки қисмлари ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқарилган товарлар тўлиқ миқдорда Россия ва МДҲдаги бошқа мамлакатларга экспорт қилинади.
Уюшма томонидан компания бош директорига янги корхона очиш шартлари тушунтирилди. Маҳсулотларни экспорт қилишда давлат томонидан кўрсатиладиган амалий кўмаклар ҳақида маълумот берилди. Ўзбекистон томони “Барс” компаниясига янги корхона учун қулай бўлган ҳудудлар ва корхоналарни яқиндан таништирди.
Мулоқотлар якуни билан яқин кунларда “Барс” компанияси вакилларидан иборат делегация Ўзбекистонга ташриф буюриши ва Уюшма томонидан қўшма корхона учун таклиф этилган ҳудудлар билан яқиндан танишиб чиқиш ҳамда лойиҳани ўзаро фаол ҳамкорликда амалга оширишга келишиб олинди.