July 12, 2021

ВЕБИНАР: ЭКСПОРТ ИМКОНИЯТЛАРИНИ АНИҚЛАШДА “CATI” ПОРТАЛИДАН ҚАНДАЙ ФОЙДАЛАНИШ МУМКИН?

"Ўзчармсаноат" уюшмаси вакиллари Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда UNCTAD/WТО нинг халқаро савдо маркази ҳамкорлигида ва кўмагида БМТ тараққиёт дастурининг "Савдога кўмаклашиш" лойиҳаси доирасида ташкил этилган "Марказий Осиё савдо ахборот портали" (CATI) имкониятлари юзасидан ўтказилган вебинарда иштирок этди.

Видеоконференц-алоқа шаклида бўлиб ўтган учрашувда “Ўзчармсаноат” уюшмаси раҳбарияти ва уюшмага аъзо ишлаб чиқариш корхоналари, хусусий бизнес вакиллари порталнинг имкониятлари билан яқиндан танишди.

Халқаро савдо маркази таҳлилчиси Элоди Робин онлайн учрашув иштирокчиларига “CATI” порталининг иш фаолияти, имкониятлари ҳусусида батафсил маълумот берди. Ушбу портал БМТ тараққиёт дастури ҳамда ХСМ томонидан Марказий Осиё давлатларнинг минтақавий интеграциясини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича ишлаб чиқилган. Экспортёрлар савдо оқимлари, тарифлар, экспорт-импорт жараёнидаги талаблар, сифат ва стандартлар каби муҳим савдо маълумотларини айнан шу порталдан олиш имконига эгадир.

Портал кичик ва ўрта бизнес вакилларига савдо ва инвестициялар билан боғлиқ қарорлар қабул қилишга ёрдам беради. Эркин савдо ва замонавий бозорлар бўйича маълумотларини тақдим этади. Шунингдек, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, ва Европа Иттифоқи мамлакатларидаги савдо статистикаси, тарифлар, расмий норматив хужжатлар ва бизнес алоқалар билан танишиш учун ягона кириш нуқтаси саналади. Портал тўртта мамлакат учун ўз маҳсулотларини хорижга экспорт қилишларида талаб этиладиган сифат кўрсаткичлари бўйича керакли маълумотларни тақдим этади.

Йиғилишда қайд этилганидек, порталда савдо ва бозорни таҳлил қилиш учун ХСМнинг учта воситасидан фойдаланилади. Улар орасида “Савдо карталари” (www.trademap.org), “Бозорлар” (www.macmap.org), “ePingга кириш картаси” (www.epingalert.org) бор. Мазкур учта восита айнан Марказий Осиё мамлакатлари учун мўлжалланган. Портал экспортёр ва импортёрларга, инвесторларга савдо ҳамда бизнес алоқаларни топиш учун кенг имкониятларни яратади.

Вебинар давомида иштирокчиларга янги экспорт бозорларини топиш ва имкониятларни аниқлаш учун “CATI” порталининг функцияларидан фойдаланиш бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.

Учрашув якунида вебинар иштирокчиларининг қизиқтирган саволларига батафсил жавоб берилди.