MOSSHOES: БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШ ЙЎЛИ САРИ
Россия Федерациясининг Москва шаҳрида бўлиб ўтган 85- халқаро “Mosshoes” чарм-пойабзал, аксессуарлар ва бутловчи материаллар кўргазмаси ўз ишини якунлади. “Ўзчармсаноат” уюшмасига аъзо 20 дан ортиқ корхона 200 турдаги маҳсулотларни мазкур йирик анжуманда намойишга қўйишди. Жорий йилги кўргазма қатор В2В учрашувлар, музокаралар ва манфаатли шартномалар имзоланиши билан ёдда қоларли бўлди.
Жумладан, Наманган вилоятида жойлашган “Ботир Мухаммадали” МЧЖ Россиянинг “Малахов” ИП компанияси билан умумий қиймати бир миллион доллар бўлган экспорт шартномасини имзолади. Шартномага асосан Наманганда жойлашган корхона Россия бозорларига мавсумий пойабзалларни етказиб беришни бошлайди. Дастлабки юк 2021 йилнинг октярбь ойидан Россияга жўнатилади.
Шунингдек, Сирдарё вилоятида жойлашган “Peng Sheng” МЧЖ эса Беларусь Республикасининг “Белвест” пойабзал компанияси билан музокаралар ўтказди. Мулоқотларда Беларусь компанияси мамлакатимизда тайёрланган тайёр чармнинг “Краст” ва “Финиш” босқичига катта қизиқиш билдирди. Наъмуналар танлаб олиниб ҳамкорликнинг келгуси истиқболлари кўриб чиқилди.
“Ўзчармсаноат” уюшмаси вакиллари Россиянинг “Global Shoes” корхонаси билан пойабзал ва оёқ кийимларнинг устки қисмларини экспорт қилиш бўйича учрашув ўтказди. Мулоқотларда Россия компаниясига мамлакатимизда айни йўналишдаги корхоналар ҳақида тўлиқ маълумот тақдим этилди. “Global Shoes” корхонаси вакиллари тез кунларда Ўзбекистонга келиб ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишиб, ҳамкорликни бошлаш бўйича таклифларини билдирди.
Хулоса қилиб айтганда уч кун давом этган “Mosshoes” чарм-пойабзал, аксессуарлар ва бутловчи материаллар кўргазмаси Ўзбекистонлик тадбиркорларга янги ҳамкорлар топиш ва манфаатли келишувларни қўлга киритишлари учун қулай бизнес платформа бўлиб хизмат қилди.