МЕҲРИБОН УСТОЗ, ТАЖРИБАЛИ МУТАХАССИС ЭДИ
Орамизда шундай инсонлар борки, улар бутун ҳаётини фақат яхшиликлар қилишга, Ватан учун хизмат қилишга, фарзандларига муносиб тарбия беришу, илм-фан ва юрт тараққиётини юксалтиришга бахшида этишади, фидойилик кўрсатишади. Меҳрибон устоз ва ўз касбининг тажрибали мутахассиси Закиров Анвар Сагатович ана шундай инсонлардан эди. Афсуски, бевақт ўлим азиз ҳамкасбимизни эрта орамиздан олиб кетди...
Закиров Анвар Сагатович 1957 йилда Тошкент шаҳрида дунёга келади. Мактабдаги зийраклилиги, билимдонлиги ёш Анвар Сагатовични 1975 йилда Тошкент техника университети томон чорлайди. У 1979 йилда олийгоҳни аъло баҳолар билан тугатгач, илк фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг “Теплофизика бўлими”да лаборатория муҳандиси сифатида бошлайди.
Анвар Сагатович ўз касбига ва илмга қизиқиши туфайли фаолиятини Химия ва физика институтида давом эттиради. У ерда кичик илмий ходим сифатида меҳнат қилади. Тинмай ўз устида ишлаши ва изланишлари ортидан 1988 йилда номзодлик диссертациясини ёқлаб, “Физика-математика фанлари номзоди” илмий даражасига эга бўлади.
1991 йилдан 2012 йилгача Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида катта илмий ходим сифатида муваффақиятли фаолият юритади. Анвар Сагатович услубий жиҳатдан лаёқатли ва билимдон эканлиги боис, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ҳам самарали меҳнат қилади. Бу давр мобайнида тажрибали олим кўплаб талабаларга устозлик қилиб, уларнинг физика-математика соҳасига бўлган қизиқишларини уйғотишга сабаб бўлади. Кўплаб шогирдларга устозлик қилади.
2015 йилдан бошлаб “Фотон” акциядорлик жамиятида техник бўлим бошлиғи, “FOTON MEDICAL QUALITY” МЧЖ ҚКда директор ёрдамчиси, 2018 йилдан то шу кунгача «Foton» акциядорлик жамиятида Бош муҳандис ўринбосари лавозимларида ишлаб келди.
Меҳрибон устоз ўзининг 42 йиллик меҳнат фаолияти давомида бирор маротаба танлаган эзгу ишидан адашмади. Анвар Сагатович намунали педагог, талабчан раҳбар бўлиш билан бир қаторда илм-фан соҳасида кўплаб илмий ва ўқув услубий ишларга раҳбарлик қилди, шогирдларига ўз билимларини қунт билан ўргатди.
У турмуш ўртоғи Закирова Марғуба Ҳамидиллаевна билан 3 нафар фарзандни вояга етказиб, барчасини олий маьлумотли қилиб тарбиялашди. Фарзандлари ҳозирда турли жабҳаларда фолият олиб бормоқда.
Афсуски, бешафқат ўлим меҳрибон ҳамкасбимизни орамиздан эрта олиб кетди. Анвар Сагатович оилада меҳрибон ота, шириндан-шакар набираларнинг суюкли бобоси эди. Ўзининг меҳнатсеварлиги, билимдонлиги ва тиришқоқлиги билан жамоа орасида юксак ҳурмат қозонган жонкуяр, ёшларнинг меҳрибон мураббийи бўлган Закиров Анвар Сагатовичнинг охиратлари обод бўлишини Оллоҳдан сўраймиз.