ТОЖИКИСТОННИНГ "TALCO CABLE" КОРХОНАСИ ҲАМКОРЛИК РЕЖАЛАРИ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ
Хабарингиз бор, айни пайтда Ўзбекистон Ҳукумати делегацияси Тожикистон Республикасида бўлиб турибди. Ҳукумат делегацияси таркибида "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси раиси М.Юнусов бошчилигида уюшмага аъзо корхоналар вакиллари ҳам кўпгина саноат корхоналарига ташриф буюриб, ҳамкорлик режаларини муҳокама қилмоқда.
Жумладан, уюшма аъзолари Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида жойлашган кабел-сим маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасига ташриф буюрди. Ташриф чоғида "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси бошқарув раиси М. Юнусов ва "Talco cable" корхонаси директор ўринбосари Г. Шарипов билан учрашув ўтказилди. Учрашув чоғида Talco cable корхонаси ишлаб чиқариш комплекси ва маҳсулотлари билан танишиб чиқилди.
“Noqili Talco” МЧЖ корхонаси 2011 йилда ташкил топган бўлиб, «Talko Management Ltd» ЁАЖ нинг (йирик алюмин хом ашёси ишлаб чиқарувчи корхона) инвестицион лойиҳаларидан бири саналади. Корхона томонидан 35 мм2 дан 600мм2 қалинликдаги 40 дан ортиқ турдаги кабел-сим маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Корхона маҳсулотлари 90% алюмин ва 10% мис хом ашёсидан тайёрланади. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати – 10 минг тоннага тенг. Корхонада Италиянинг “MAILLEFER Extrusion” ва “SICTRA SRL” ишлаб чиқариш ускуналари ўрнатилган.
Корхона вакилларига Ўзбекистондаги кабел-сим маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар ва улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар бўйича батафсил маълумотлар тақдим этилди. Ўз навбатида икки томонлама ҳамкорлик борасида музокаралар олиб борилди.