August 27, 2020

ХАЗОРАСПЛИК ТАДБИРКОРЛАРНИНГ ҚАНДАЙ МУАММОЛАРИ БОР?

Тадбиркорларга электротехника соҳасига оид бизнес лойиҳалар тақдим қилинди.

Шу кунларда Ҳукумат комиссияси Республикамиз ҳудудлари бўйлаб саноат корхоналари фаолиятини чуқур таҳлил қолган ҳолда, тадбиркорларнинг муаммоларини жойига чиққан ҳолда ўрганмоқда.

Навбатдаги манзил Хоразм вилоятида амалга оширилди.

Хазорасп туманидаги саноат корхоналаридан бири.

Комиссия таркибида “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси М.Юнусов бошчилигидаги ишчи гуруҳи аъзолари ҳам вилоятнинг Хазорасп туманидаги саноат корхоналари фаолиятини яқиндан ўрганмоқдалар. Тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил қилиниб, уларни қийнаётган муаммолар, мавжуд имконият ва қонунчиликдаги имтиёзлардан мақсадли фойдаланиш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, хорижий ҳамкорлар топиш, туманнинг инвестициявий салоҳиятини ошириш каби масалаларда зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

Тадбиркорлар ўз муаммоларини айтмоқда

Хазорасп тумани жанубдан Туркманистон, жануби-шарқдан Бухоро вилояти, шимолидан Қорақалпоғистон Республикаси, ғарбдан Боғдод тумани билан чегарадош. Майдони 2,06 минг км2. Аҳолиси 188,5 минг киши. Ҳудуд инфратузилмасига кўра, бугунги кунда тумандаги 1200 дан ортиқ корхона ва ташкилотларнинг 105 таси йирик, 14 таси ўрта, 76 таси кичик корхоналар ҳисобланиб, 1034 таси микрофирмалардир. Туманда Ўзбекистон-Германия “Unixo”, Ўзбекистон-Туркия “Хоразмшакар”, шунингдек тўқимачилик соҳасида “Ҳазорасп текстиль” МЧЖ корхоналарини келтириш мумкин. “Хазорасп” эркин иқтисодий зонасида бугун кўплаб саноат корхоналари бир мақсад йўлида фаолият юритмоқда.

"Ўзэлтехсаноат" уюшмаси раиси М.Юнусов тадбиркорлар билан учрашувда

Ишчи гуруҳи нафақат электротехника саноати корхоналари, балки тумандаги бошқа саноат корхоналарининг иш фаолияти билан ҳам яқиндан танишмоқдалар. Уларда тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш, ҳудудларда “саноат кластерлари”ни ташкил этиш бўйича ҳам ўрганишлар олиб борилди. Тадбиркор билан очиқ-ойдин, мавжуд муаммоларнинг айни ечими устида алоҳида шуғулланилмоқда.

Тадбиркорлар ўз муаммолари ва таклифларини билдирмоқда

Туман ҳокимлигида ҳам тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Аниқ мақсад ва муаммоларга қаратилган учрашувда кўпроқ тадбиркорларнинг муаммолари тингланди. Аввало, уларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг саноат тармоқларини, хусусан электротехника саноатини ривожлантиришга қаратилган қарорларининг мазмун-моҳияти, унда тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёзлар хусусида тушунтириш берилди.

Бизнес-лойиҳаларга қизиқиш ортди.

Соҳага қизиққан тадбиркорларга ҳатто тайёр бизнес-лойиҳалар, хорижий инвесторлар билан амалга ошириш мумкин бўлган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Бу лойиҳалар шу туманни ривожлантириш билан бевосита алоқадор. Маҳаллий ва хорижий ҳамкорлар билан ишлаш имкониятлари тушунтириб берилди. Ўз навбатида хазорасплик тадбиркорлар ҳам ўз таклифларини ўртага ташладилар. Уюшма Ишчи гуруҳи уларга бу бизнес ғояларни ривожлантириш бўйича янги ҳамкорларни топиб бериш, бутловчи қисмларни етказиб бериш юзасидан бошқа вилоятлардаги тадбиркорлар билан кооперацияни ривожлантиришга ёрдам беришларини билдирдилар.

Учрашув якунида тадбиркорларнинг саволларига жавоб берилди. Хусусан, имтиёзларга эга бўлишда корхоналарга қўйиладиган талаблар, экспортни ошириш йўллари, халқаро стандартларни жорий этишдаги афзалликлар, хорижий инвесторларни жалб этишда “Ўзэлтехсаноат” уюшмасининг роли каби масалаларда қизғин мунозаралар бўлиб ўтди.

Ҳудуд имкониятларидан келиб чиқиб, амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси ҳам муҳокама қилинди. Ҳар қандай лойиҳани ишлаб чиқишда, аввало тадбиркорнинг нуқтаи назари ва таклифлари муҳим. Шу боисдан, ҳудудни ривожлантириш истиқболида айни шу жиҳатлар инобатга олинмоқда.

Бугунги кунда "Ҳазорасп" эркин иқтисодий зонасида уюшмага аъзо “Future Industry Systems” Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонаси томонидан “Кичик маиший техника ва электр двигателлари ишлаб чиқариш” корхонасининг қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда.

Ушбу “Кичик маиший техника ва электр двигателлари ишлаб чиқариш” корхонасида биринчи босқичда 16,8 миллион АҚШ долларига тенг инвестициялар киритиш ҳисобига йилига 5 турдаги 2 миллионга яқин электр двигателлари ишлаб чиқарилади.

Иккинчи босқичда эса қиймати 7,5 миллион АҚШ долларга тенг “Кичик маиший техника маҳсулотларини ишлаб чиқариш” лойиҳаси амалга оширилади ва йилига 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ 20 турдаги 200 минг дона маиший техника воситалари ишлаб чиқарилади ҳамда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 30 фоизи хориж давлатларига экспорт қилинади.

Шунингдек, “Кичик маиший техника ва электр двигателлари ишлаб чиқариш” корхонаси келгусида маҳаллий ёшлардан 450 нафарини ўз бағрига олади.

Ўрганишлар давом этмоқда.