June 24, 2020

АВТОМОБИЛЛАРНИНГ ЭЛЕКТРОНИКАГА ОИД ИМПОРТ ҚИСМЛАРИНИ МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШ ИМКОНИЯТЛАРИ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

Автомобиллар учун ишлатиладиган импорт асосида олиб келинаётган бутловчи материалларнинг электроникага оид қисмларини “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси корхоналари тизимида маҳаллийлаштириш ва бу орқали саноат кооперациясини ривожлантириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Ярмаркада "қизил" ранглар билан ажратилган бутловчи қисмлар импорт асосидаги маҳсулотлар

Юртимизда саноатлараро кооперация алоқаларини кучайтириш, ишлаб чиқаришда импорт ҳажмини қисқартириб, маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш каби масалаларга бошқа соҳалар қатори “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси корхоналари ҳам алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Андижон вилояти Асака шаҳрида бўлиб ўтган кўргазмали ярмаркада автомобил саноати учун қўлланиладиган импорт маҳсулотларининг электроникага оид қисмларини ўзимизда маҳаллийлаштиришга оид тақдимот ўтказилди. Унда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси корхоналари ҳам иштирок этиб, миллий автомобиллар учун импорт қилинаётган бутловчи қисмларни фақат электроника оид қисмларини ўзимизда маҳаллийлаштириш имкониятларини кўриб чиқдилар. Кўргазмада "Uzautomotors" АЖ ҳамда “UzautoComponents” МЧЖ таркибига кирувчи 24 та корхона импорт қилувчи бутловчи қисмларнинг тақдимотини ўтказди.

Ўз навбатида, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси таркибига кирувчи корхоналар мутахассислари кооперация йўли билан маҳсулотларни ўзимизда маҳаллийлаштириш чораларини кўриш бўйича таклифларни ўртага ташладилар.