ҚАРШИДА САВДО ТЕРМИНАЛЛАРИ ЧИҚАРИЛМОҚДА
Шу кунларда Ҳукумат комиссияси таркибида “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси М. Юнусов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Қашқадарё вилоятидаги электротехника саноати корхоналарининг фаолиятини жойига чиққан ҳолда ўрганмоқда. Навбатдаги манзил Қарши туман кичик саноат зонасида амалга оширилди. Мазкур ҳудудда фаолият юритаётган электротехника саноати корхоналари томонидан бугунги кунда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ички бозор талабини қоплаш баробарида, хорижга ҳам экспорт қилиниши режалаштирилган.
Жумладан, савдо терминаллари (инфокиоска) ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Promax” МЧЖ корхонасида бугун 2 млрд 500 млн сўмлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Шундан 50 минг АҚШ доллари хорижий инвестиция ҳисобига тўғри келади. Ҳозирги вақтда корхонада 15 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Йиллик қуввати 1000 дона бўлган савдо терминалларини бугун республикамизнинг барча нуқталаридан топишингиз мумкин. Ички бозор талаби тўлиқ қопланмоқда. Мазкур маҳсулотларнинг қарийб 30 фоизини МДҲ давлатларига экспорт қилиш кўзда тутилган.
Корхона кичик бўлишига қарамасдан, бугунги кун талабидан келиб чиқиб, халқаро талабларга мос ҳолда фаолият кўрсатмоқда. Уюшма ишчи гуруҳи корхонани қайта фаолият бошлаши учун мавжуд имкониятлардан фойдаланишга кўмаклашади. Божхона, солиқ ва банк кредитларини тўлови билан боғлиқ ишлар режали бартараф этилади. Бундан ташқари, корхона маҳсулотларини экспортга йўналтириш учун уюшма томонидан маркетинг тадқиқотларига ёрдам кўрсатилади. Бозор имкониятлари кўриб чиқилади. Корхонага хорижий инвесторларни жалб этиш, янги инвестиция лойиҳалари билан ишлаш бўйича таклифлар берилди.
Ҳудуднинг инвестиция, саноат ва экспорт салоҳиятини ўрганиш ҳамда унинг иқтисодий ривожланишини рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилган бу каби ўрганишлар республика бўйлаб давом этмоқда.